Бугун
107
Ўзбек

ФИФА «Венгер офсайди» синовларини бошлайди

Футбол
31 март, 13:00
Янги қоида ва мураббийлар сўрови тизими Канада Премер-лигасида жорий этилади.
ФИФА «Венгер офсайди» синовларини бошлайди
Foto: Getty Images

ФИФА «Венгер офсайди» деб аталувчи янги қоидани ва мураббийлар сўрови тизимини синовдан ўтказишни расман эълон қилди. Бу ҳақда ташкилот баёнотида маълум қилинди.

Қайд этилишича, синовлар 4 апрел куни старт оладиган Канада Премер-лигасининг янги мавсумида бошланади. Ушбу қарор аввалроқ Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB) йиғилишида маъқулланган.

«Бу муҳим пилот лойиҳа. Янги қоидани профессионал мусобақаларда синаб кўриб, унинг ўйинга таъсирини, жумладан, тушунарлилик ва динамикани ошириш ҳамда ҳужумкор футболни рағбатлантиришдаги ролини яхшироқ баҳолай оламиз», — деди ФИФА глобал футбол ривожи бўлими раҳбари Арсен Венгер.

Мазкур таклифга кўра, агар гол уриш мумкин бўлган тана аъзоларидан ҳеч бўлмаганда биттаси сўнгги ҳимоячи чизиғи билан бир чизиқда ёки ундан орқада бўлса, офсайд қайд этилмайди. Ўйинчи фақат тўлиқ танаси билан рақиб дарвозасига яқинроқ жойлашган тақдирдагина «ўйиндан ташқари ҳолат» қайд этилади.

Шунингдек, янги тизим мураббийларга муҳим эпизодлар — голлар, пенальтилар ва тўғридан тўғри қизил карточкалар бўйича чекланган миқдорда видеокўриб чиқиш сўрови бериш имконини тақдим этади.

Бугунги янгиликлар