FIFA 2027 йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик учун ажратиладиган маблағни сезиларли даражада оширишга қарор қилди. Бу ҳақда FIFA расмий сайти хабар бермоқда.
Унга кўра, мундиалда қатнашадиган ҳар бир миллий футбол ассоциациясига 2,5 миллион АҚШ доллари ажратилади.
Янги молиявий тақсимот модели FIFA Кенгаши бюроси томонидан тасдиқланган. Қарор натижасида 32 та иштирокчи ассоциацияга ажратиладиган умумий тайёргарлик маблағи 80 миллион долларга етади. Ушбу кўрсаткич 2023 йилги аёллар жаҳон чемпионатига нисбатан икки баравардан кўпроқ ошган. Маблағлар 2026 йил декабридан олдин ассоциациялар ихтиёрига тақдим этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, 2027 йилги мундиалда иштирок этадиган футболчи аёллар учун хизмат кўрсатиш шароитлари 2026 йилги эркаклар жаҳон чемпионати даражасига тенглаштирилади. Мукофот пуллари ҳамда клубларга бериладиган компенсациялар бўйича қўшимча тафсилотлар декабр ойидаги йиғилишда муҳокама қилинади.
Маълумот учун, 2027 йилги аёллар жаҳон чемпионатига Бразилия мезбонлик қилади. Мусобақа тарихда илк бор Жанубий Америкада ташкил этилади ва унда 32 та миллий жамоа иштирок этади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади