Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумчиси Серу Гирассига «Фенербаҳче» жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Sky Sport Germany хабар тарқатди.
Манба маълумотига кўра, Истанбул клуби гвинеялик 30 ёшли ҳужумчи учун 35 миллион евро таклиф қилиб, «Боруссия»нинг позициясини ўрганмоқчи бўлган. Бироқ дортмундликлар футболчини камида 40 миллион еврога сотишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, хабарда таъкидланишича, Туркия чемпионати ҳозирча Гирасси учун устувор вариант ҳисобланмайди.
Маълумот учун, Серу 2024 йилдан буён «асаларилар» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У ўтган мавсум барча турнирларда 46 та учрашувда майдонга тушиб, 22 та гол ва 6 та голли узатма қайд этди.
Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 32 миллион еврони ташкил этади.