«Реал» ҳужумчиси Эндрик қишки трансфер ойнасида «Милан»га ижара асосида кўчиб ўтиш таклифини рад этди. Бу ҳақда Bernabéu Digital нашри хабар берди.
Бунгача бразилиялик футболчи январ ойида Италиянинг етакчи клубларидан бирига ижарага берилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ Эндрик Мадридда қолиб, асосий таркиб учун курашишга қарор қилган.
Шунингдек, «Реал» ҳозирча футболчининг жамоадан кетиши бўйича музокаралар олиб боришни режалаштирмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Эндрик 2024 йилда «Палмейрас»дан «Реал»га кўчиб ўтган. Ўтган мавсумда эса бразилиялик форвард Франциянинг «Лион» клубида ижара асосида тўп тепган.
Маълумот ўрнида, ушбу мавсум ҳужумчи мадридликлар сафида барча мусобақаларда 4 та учрашувда майдонга тушиб, 1 марта гол уришга муваффақ бўлди.
Аввалроқ «Реал» «Милан»нинг Эндрик бўйича таклифини рад этгани маълум қилинганди.