Live
7
Ўзбек

Дилшод Комилов: «БАА ва Ироқдан таклифлар бўлди, аммо кетиш ҳақида ўйламадим»

Эксклюзив
3 июл, 11:01
Футболчи «Навбаҳор»да тўп тепмоқда.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Дилшод Комилов: «БАА ва Ироқдан таклифлар бўлди, аммо кетиш ҳақида ўйламадим»
Фото: Навбаҳор ПФК

Темур Кападзе «Навбаҳор» бош мураббийи лавозимига тайинлангач, жамоани ажойиб ижрочилар билан тўлдирди. Улардан бири ҳимоячи Дилшод Комилов бўлиб, қишда унинг харидорлари кўпчиликни ташкил этганди. Футболчи эса «Навбаҳор»ни танлади.

Кеча наманганликлар Туркиянинг номдор клубларидан бири – «Истанбул Башашеҳир» билан ўйнади ва 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Комилов шу ва бошқа саволларга жавоб берди.

- Дилшодбек, «Навбаҳор» Туркиядиги йиғини доирасида Шомуродов ва Файзуллаев жамоаси – «Истанбул Бешакшеҳир» билан ўйнадинглар ва 4:2 ҳисобида ғалаба қозондинглар. Ўйин қандай ўтди?

- Ассалому алайкум. Ушбу ўйинга уч соат йўл босиб келиб, иссиқда ўйнаш бироз қийин бўлди. Лекин, шунга қарамай, рақибга қарши жуда яхши ўйин ўтказдик, дея оламан. Шиддатли курашларга бой, жуда фойдали беллашув бўлди.

- Балки бу натижани кўпчилик кутмаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки рақиб Туркияда ўзига яраша номи бор жамоа. Улар асосий таркиби билан ўйнадими ёки ёшлар жамоасимиди? Сизда қандай таассурот қолдирди?

- Элдор Шомуродов ва Аббос Файзуллаевни ҳисобга олмаганда уларнинг асосий таркибига қарши ўйнадик. Тўғри, балки ғалаба қозонишимизни кўпчилик кутмагандир. «Истанбул Башакшеҳир» жамоаси Туркияда ўз ўрнини топган клуб. Биз яхши тайёргарлик олиб бордик. Шунга яраша ҳаракат қилиб ғалаба қозондик. «Истанбул Башакшеҳир» менда илиқ таассурот қолдирди.

- Миллий жамоа билан мундиалда иштирок этган Ўткир Юсупов билан Руслан Жиянов «Навбаҳор» ихтиёрига қандай кайфиятда қайтишди?

- Ўткир ака билан Руслан таркибимизга келиб қўшилишганига икки кун бўлди. Шундай бўлса-да, ушбу учрашувда ҳаракат қилишди, кайфиятлари яхши.

- Ҳозирча 11 та турда Суперлигада 5 та, Кубокда 3 та ўйин майдонга тушдингиз. Жамоада рақобат ўта кучлими ёки бошқа сабаби борми?

- Мавсум бошида жароҳат олдим. Шу сабабли бироз қийналдим. Рақобат бор, албатта бу нормал ҳолат.

- Эшитишимча, сиз ёзда жамоани ўзгартиришга қарши эмас экансиз. Шу ростми?

- Йўқ, кетиш ҳақида ўйламаганман. Бу хусусида энди сиздан эшитяпман.

- Хизматингизга аниқ таклифлар борми? Четга кетишингиз мумкинми?

- Четдан таклиф бўлди. Лекин, ҳозир кетиш ҳақида ўйламадим.

- Айнан қаердан таклифлар бўлди?

- БАА ва Ироқ жамоаларидан таклифлар келиб тушганди.

- Умуман, «Навбаҳор»даги келажагингизни қандай кўряпсиз?

- Ҳозирги мақсадим «Навбаҳор»да кўплаб ғалабаларга ҳисса қўшиб, олдимизга қўйилган вазифани бажариш. Худо хоҳласа, мухлисларимизни ўйинларимиз бидан хурсанд қилиб, жамоани халқаро аренага қайтаришга ҳаракат қиламиз.

- Одатда, Туркияда доим қишда йиғин ўтказилади. У ерда ёзда йиғин ўтказиш қандай туюляпти?

- Бизни йиғин ўтказаётган жойимизни ҳавоси яхши, тоғли ҳудуд. Тайёргарлик олиб бориш учун ҳамма шароит бор. Ўйлайманки, ҳар томонлама жуда фойдали бўляпти. Рақиблар ҳам ниҳоятда сифатли, кучли жамоаларга қарши ўтказиляпти. Бу ҳам биз учун яхши.

- Темур Кападзе жамоада аввало нимани ўзгартира олди, деб ўйлайсиз?

- Жамоада ҳар жиҳатдан ўзгариш бўлди. Ўйин тарафлама, тайёргарлик ёндашуви, ҳаммаси яхши. Ижобий томонга ўзгариб боряпти. Мақсад бор, ҳаракат бор. Худо хоҳласа, тўғри йўлдамиз, дея оламан. Ишқибозларни хурсанд қилиб, Суперлигада ҳам, Кубок баҳсларида ҳам чемпионлик учун курашамиз.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Навбаҳор Навбаҳор
Бугунги янгиликлар