UFC президенти Дана Уайт Энтони Жошуа ва Тайсон Фюри ўртасидаги бокс жангини ташкил этишда бевосита иштирок этишини маълум қилди.
Уайтнинг таъкидлашича, у нафақат жангни ташкил этиш, балки унинг промоушени ва ўтказилиши билан боғлиқ жараёнларда ҳам қатнашади.
«Бу жангни ташкил этиш билан шуғулланишим — аниқ факт. Кўринишидан, Эдди Ҳирнни жуда катта суд даъвоси кутмоқда…
Мен жангнинг продюсери бўламан, уни тарғиб қиламан ва шахсан иштирок этаман. Шундан сўнг дарҳол Лас-Вегасга, UFC турнирига қайтиб кетаман», — деди Уайт.
Маълумот ўрнида, Энтони Жошуа профессионал боксда 34 та жанг ўтказиб, 30 та ғалаба қозонган ва 4 марта мағлуб бўлган. Унинг 27 та ғалабаси нокаут билан якунланган.
Тайсон Фюри эса 38 та жангда 35 марта ғалаба қозонган, 2 бор мағлубиятга учраган ва 1 марта баҳсни дуранг билан якунлаган. Унинг ҳисобида 24 та нокаут мавжуд.
Икки британиялик оғир вазн юлдузи ўртасидаги жанг 11 декабр куни Уэлс пойтахти Кардифф шаҳрида бўлиб ўтади.