Бугун
16
Ўзбек

Чичарито: «Роналду ҳатто кечки овқат пайтида ҳам рақобатга ўч эди»

Футбол
7 август, 02:55
Мексикалик футболчи Криштиану ҳақида илиқ фикрларни билдирди.
Чичарито: «Роналду ҳатто кечки овқат пайтида ҳам рақобатга ўч эди»
Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳужумчиси Хавиер Эрнандес (Чичарито) Рио Фердинанд билан суҳбатда Криштиану Роналду ҳақида фикр билдирди.

Маълумот учун, мексикалик ҳужумчи 2014/15 йилги мавсумда «Реал» сафида Роналду билан бирга тўп тепган эди.

«Бу ажойиб эди. Бунгача мен сен ва жамоадаги бошқа йигитлар билан Криштианунинг «Манчестер Юнайтед»даги даври ҳақида жуда кўп гаплашгандим. Менга кўплаб ҳикояларни айтиб беришганди, кейин эса у билан бир жамоада ўйнаш шарафига муяссар бўлдим. Биласанми, сизлар айтиб берган ўша ҳикояларнинг барчаси ҳақиқат бўлиб чиқди.

Биласанми, у ҳатто кечки овқат пайтида ҳам мусобақалашарди. Лекин бу рақобатбардошликнинг кибр ёки манманликка ҳеч қандай алоқаси йўқ. Гап у ўзининг сендан устунлигини исботламоқчи бўлишида эмас. Энг яхшиларнинг энг яхшиси бўлиш учун ҳар куннинг ҳар бир сониясида энг яхши бўлишинг керак. Фақат шу йўл билангина энг зўри бўлганингда пайдо бўладиган босимга дош бериш мумкин. Лекин, очиғини айтсам, менда у ҳақда айнан инсон сифатида жуда кўп яхши хотиралар қолган. Сен ҳам мени яхши биласан. Криштиану Роналдудек тинимсиз меҳнат қилганман демоқчи эмасман. Гап бунда эмас. Лекин мен ҳар доим муолажалардан ўтиш ёки тренажёр залида шуғулланиш учун ҳаммадан эрта келадиганлардан эдим.

Агар машғулотдан сўнг спорт залида қўшимча ишлаш ёки бошқа нарса қилиш керак бўлса, мен буни ҳамиша қилардим. Сен буни ўз кўзларинг билан кўргансан. Шу сабабли менда у билан яккама-якка вақт ўтказиш имконияти бўлган», — деди Чичарито.

Бугунги янгиликлар