Россия Премер-лигасида ҳамюртларимиз яна битта кўпайганини биласиз.
Яқинда 23 ёшли чап қанот ҳимоячиси Маҳмуд Маҳамаджонов «Андижон»дан «Динамо» Махачкала клубига кўчиб ўтди. Ушбу трансфер амалга оширилгач, Махамаджонов янги клубига қўшилди ва ҳатто дебют ўйинини ҳам ўтказишга улгурди.
«Родина»га қарши ўтган баҳс Маҳмуд учун унутилмас бўлди. Боиси, у биринчи бўлим ўрталарида захирадан майдонга тушди ва жамоаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Маҳмуд эса «Динамо» Махачкала аъзосига айланганидан кейинги илк эксклюзив интервюсини Tribuna.uz сайтига берди.
- Маҳмуджон, Россия премьер-лигасидаги дебют ўйинингиз ва дебют ғалабангиз билан табриклайман. Илк ўйиндан кейин нималарни айта оласиз?
- Раҳмат. Дарҳақиқат, дебютимни яхши бўлди, деб ҳисоблайман. Жамоам ғалаба қозонди. Тўғри, рақиб учрашув бошида бир киши кам бўлиб қолди ва бу бизга енгиллик берди. Менга ҳам осонроқ бўлди, десам бўлади. Лекин чемпионат энди бошланди. Бу ёғига қаттиқ меҳнат қилиб, янада ўз устимда ишлаб, жамоани асосий футболчиси бўлиш учун курашаман ва жамоамни катта марраларга эришиши учун ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
- «Динамо» Махачкала варианти қачон ва қандай бўлганди?
- Очиғи, аниқ билмайман. Агентларим менга бу ҳақида 1 ойча аввал хабар беришди ва мендан розилик сўрашди. Рози бўлганимдан сўнг улар «Андижон»га хат юборишди, билганим шу. Агентларимни айтиши бўйича уларни қизиқиши менга қишдаги ўқув-йиғин машғулотларида уларга қарши ўйиндан кейин пайдо бўлган.
- Ўша ўртоқлик учрашувида майдон марказидан гол ургандингиз. Ушбу клубга қўшилгач, ўша голингизни эсладингларми?
- Ҳа, уни деярли ҳар куни эслашяпти. Ҳар машғулотда ўша голни эслатиб, хазиллашб туришибди.
- Ушбу клубга ўтишингизга сизни биринчи навбатда нима ундади?
- Биринчи навбатда жамоа РПЛ иштирокичиси ва бу чемпионат бизникига қараганда мавқеи баланд ҳамда у ердан янада яхшироқ чемпионатларга ўтиш имкони кўпроқ. Яна кўплаб омилларни санаш мумкин, лекин айнан шу сифатларини биринчи омил қилиб келтирган бўлардим.
- Янги клуб сизни расман таништиргач ва жамоанинг аъзосига айлангач, таассуротлар қандай бўлди?
- Илк таассуротлар жуда яхши. Жамоада мени илиқ кутиб олишди ва менга нисбатан ишонч борлигини ҳис қиляпман.
- «Динамо»да 23-рақамни олдингиз. Буни ўзингиз танладингизми? Сабаби нимада?
- Ҳа, 23-рақамни ўзим танладим, чунки бўш рақамлар орасида ёққани шу бўлди. Ўзига хос сабаби йўқ. 77-рақам бўш эмас экан (кулади).
- Бош мураббий Вадим Евсеев билан илк суҳбат қандай ўтди ва у нималар деди?
- Вадим Валентинович билан илк суҳбатимиз узоқ бўлмади. Мендан тайёрлигимни сўради. Мен «ҳа», деб жавоб бердим ва «Андижон»даги охирги учрашувим қачон бўлганлигини сўрадилар.
- Ўзингизни ҳар томонлама легионер сифатида ўйнашга тайёрман деб ҳисоблайсизми?
- Албатта, мен 23 ёшга тўлдим ва ўзимни ҳозир яхшироқ чемпионатда синаб кўрмасам, балки бундай имкон бошқа бўлмас, деб ўйлаб қолдим. Чунки очиғи, Ўзбекистон чемпионатида ўйнаб бошқа чемпионатни кучлироқ жамоаларига ўтиш осон иш эмас, деб ҳисоблайман ва бундай имконият пайдо бўлганда максимал фойланишим керак, деб ўйладим.
- Россия премъер-лигасида ўйнаб кетиш осон эмас. Ким билан маслаҳат қилдингиз ва у ерда барқарор ўйнаш учун нимага эътибор қаратишим керак, деб ўйлайсиз?
- Мен РПЛ қийин чемпионатлигини биламан ва бу қарорга ўзим келдим, деса ҳам бўлади. Албатта, яқинларим, оила-аъзоларимга бу ҳақда хабар бердим ва улар мени қўллаб-қувватлашди. Агар қийин чемпионат экан, деб Ўзбекистонда юраверсам миллий жамоа ҳақида орзу килмаса ҳам бўлади. Шунинг учун нега энди қийин чемпионат экан, деб қўрқишим керак? Менинг мақсадим миллий жамоани доимий ўйинчисига айланиб, Европани яхши жамоаларида ўйнаш. Шу боис иккиланмай бу қарорга келдим.
- «Андижон»да ўтказган фаолиятингиздан нималар хотирангизда қолди?
- «Андижон»да 7 ой булдим ва яхши хотиралар билан кетдим. Аввало, мухлисларга раҳмат. Улар мени доим қўллашди, майдонда ҳам ва ҳатто майдон ташқариси-ю, ижтимоий тармоқларда ҳам. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Бу жамоада ўтказган ҳар бир куним, бирга қўлга киритган ғалабаларимиз ва яхши хотираларим қалбимда қолади.
- Бу сиз учун олдинга ташланган қадам. Кейинги режангиз қандай?
- Режаларимни таъкидлаб ўтганимдек, Худо хоҳласа миллий жамоани доимий ўйинчисига айланиш ва Европа топ чемпионатларида чиройли фаолият юритиш, биз мақсад қўямиз, ҳаракат қиламиз. Қолгани Аллоҳдан. Албатта у хоҳлагини бўлади.