Фарғонанинг «Нефтчи» клуби Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони эканини яхши биласиз. Жорий йилги мавсумда ҳам ушбу клуб ҳамон тахтдан тушмаяпти ва 11 турдан кейин мусобақа жадвалида пешқадамликни ўзида сақлаб келмоқда.
Жамоанинг ишончли ўйини ва ғалабаларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўйинчилар орасида шубҳасиз Боян Цигер ҳам бор. Сербиялик ҳимоячи «Нефтчи»нинг мудофаа чизиғини мустаҳкам бўлишида ўз меҳнати билан мухлисларнинг эътиборини қозониб келяпти.
- Ёзги йиғин ҳам тугади. Чемпионат яна қайтадан давом эттирилади. Жамоангизнинг ёзги йиғини қандай ўтди?
- Ҳа, яхши. Менда бироз жароҳат бор эди. Йиғиннинг биринчи қисмини шу ерда ўтказдик. Кейин Туркияда шуғулландик ва яна ортга қайтдик. Бизда ўртоқлик ўйинлари бўлди. Россияда «Зенит» билан куч синашдик. Бизда тўлиқ таркиб йўқ эди. Шу боис натижа ҳам шунга яраша бўлди.
- Россияда «Зенит»га қарши ўртоқлик мақомидаги ўйиндан қандай хулоса чиқардингиз?
- Боя айтганимдек, тўлиқ таркиб бўлмагани учун натижа қониқарли бўлмади. Аммо кучли рақибга қарши ёмон ўйнамадик, деб ҳисоблайман.
- 16 июл куни «Нефтчи» «Бухоро»ни қабул қилади. Аммо, маълумки, Хомяков ўз жамоаларини кучли рақибларга қарши аъло даражада тайёрлай олади. Бўлажак тўқнашув оғир кечади, деб ҳисоблайсизми?
- Ҳа, осон бўлмайди. Улар бу ерда юз фоиз куч билан қарши туришлари тайин. Умуман олганда, «Нефтчи» билан ўйнайдиганлар ўзларини бунга яхши тайёрлашади. Лекин чемпион жамоа эканлигимизни исботлаб беришимиз керак.
- Чемпион бўлишдан кўра, унвонни ҳимоя қилиш қийин, дейишади... Буни ўз амалиётингизда ҳис қиляпсизми?
- Ҳа, албатта. Бундай амалиёт бутун футбол оламига таниш. Ҳар қандай рақиб чемпион билан учрашадиган бўлса, бутун имкониятини ишга солади ва ундан очко тортиб олишга интилади. Дарҳақиқат, унвонни ҳимоя қилиш чиндан ҳам оғир иш саналади.
- Чемпионлик йўлидаги курашда «Пахтакор» «Нефтчи»нинг асосий рақобатчисими?
- Гапингиз рост, «Пахтакор» чиндан ҳам бу йўлдаги асосий рақобатчи саналади. Аммо қолганларни ҳам унутмаслик керак. «Навбаҳор» ва «Насаф» ҳам юқори мақсадлар сари курашадиган яхши жамоалардир.
- Ҳимоячи сифатида биринчилигимизда қайси рақиб футболчисига қарши ўйнашни қийин деб ҳисоблайсиз?
- 1-даврада бундай ўйинчилар етарли бўлди. Масалан, «Пахтакор»даги Ҳамдамов. Дориев ҳам муаммо туғдира олади. «Сурхон»дан «Пахтакор»га ўтган ҳужумчи ҳам аъло даражада.
- «Нефтчи»ни бошқараётган Ислом Исмоилов - ёш мураббий. У сизни қайси хусусиятлари билан ҳайрон қолдиряпти?
- Мураббийимиз ёш бўлишига қарамай, тобора шаклланиб боряпти, ўсяпти. Мен унга фақат ишларида омад тилаб қоламан. «Нефтчи» билан ҳам термадаги каби сингари муваффақият қозонишига тилакдошман. Ўйлайманки, бир кун келиб у Ўзбекистон миллий жамоаси устозига айланади.
Боян Цигер: «Ҳа, «Пахтакор» чемпионлик йўлидаги асосий рақобатчимиз, аммо қолганларни ҳам унутмаслик керак»
Эксклюзив
15 июл, 08:13
Tribuna.uz мухбири сербиялик ҳимоячи билан суҳбатлашди.
Фото: Нефтчи ПФК
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади