Лионел Месси Аргентина миллий жамоасидаги фаолиятини якунлашини қуйидаги баёнот орқали маълум қилди.
«Финалдан кейин ўтган шу вақт давомида кўп ўйладим ва барчага шуни айтмоқчиманки, миллий жамоани тарк этяпман.
Бу қарор мени қийнади ва ҳамон ич-ичимдан оғриқ бермоқда. Аммо бунинг учун тўғри вақт келганини тушуняпман.
Қасам ичиб айтаман, мен доимо боримни бердим. Фақат сўнгги йилларда, ҳамма совринларни қўлга киритганимизда эмас, ундан олдин ҳам шундай қилдим. Ҳар доим курашдим ва сизларга бахт улашиш, футбол орқали аргентиналик эканингиздан фахрланишингиз учун, ушбу либос учун боримни бердим.
Оз вақт қолди ва турли боблар ўз ниҳоясига етмоқда. Бу боб менга жуда қаттиқ оғриқ беряпти. Мен миллий жамоа таркибида бўлишни севаман, севардим ва доимо шундан бўлган. Боримни бердим ва энди берадиган бошқа нарсам қолмади.
Бундан ташқари, бу ерда миллий жамоада бўлишга лойиқ бўлган ажойиб ёш футболчилар пайдо бўлмоқда.
20 йил давомида берган барча меҳрингиз учун раҳмат. Энди сизларни майдон ичидан туриб эшитишни соғинаман. Энди мен ҳам сизлардан бирингиз бўламан ва ташқаридан доимоЪ қўллаб-қувватлайман — яхши пайтларда ҳам, айниқса, қийин кунларда ҳам.
Оиламга ҳар доим ёнимда бўлгани ва мана шу гўзал, аммо машаққатли йўлда мени қўллаб-қувватлагани учун раҳмат. Бу йўлни бирга босиб ўтиш насиб қилган ҳар бир мураббий, жамоадош ва раҳбарга раҳмат. Ўзим билан унутилмас хотиралар ва лаҳзаларни олиб кетяпман.
Мен хотиржам ва фахр билан кетяпман. Жамоадошларим билан бирга сизларга бир вақтлар орзу қилганимиздек лаҳзаларни тақдим этганимизни биламан. Буларнинг барчасини сизлар билан бирга бошдан кечириш ақлбовар қилмас даражада ажойиб эди. Мен сизларни севаман!
Мени аргентиналик қилиб яратганинг учун, Худо, Сенга раҳмат... Олға, Аргентина!
Мен бу сўзларни 21 июл куни, финалдан икки кун ўтиб ёзгандим. Бугун эса отам билан содир бўлган воқеадан сўнг бу қароримга аввалгидан ҳам кўпроқ ишончим комил», — дея ёзган мактубини улашди 39 ёшли форвард инстаграмдаги саҳифасида.

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади