Ўзбекистон миллий жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги иштирокини барчамиз катта қизиқиш билан кузатяпмиз, қўллаб-қувватлаяпмиз. У ерга йўл олган ўйинчилар орасида «Андижон» аъзоси Азизбек Турғунбоев бўлиши ҳам мумкин эди.
У бош жамоамизнинг мундиалга чиқишида саралаш баҳсларидаги ўйинлари ҳамда голлари билан катта ҳисса қўшганини барчамиз яхши биламиз.
Табиийки, Турғунбоевнинг ҳам орзуси жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилиш эди. У бунга муносиб бўлган футболчилардан бири! Аммо жароҳат ўз таъсирини кўрсатди. Эндиликда Азизбек билан кутилган интервю амалга оширилди.
- Азизбек, айни пайтда «Андижон» билан Минксда ўтаётган ёзги ўқув-машғулот йиғинида қатнашяпсиз. Эътибор нимага қаратиляпти, жамоани кайфияти қандай?
- Беларуссияга келиб йиғинни бошлаганмиз. Яхши тайёргарлик олиб бориляпти. Асосан жисмоний ҳолатимизни, ўйин услубимизни янада яхшилашга эътибор қаратилган. Олдимизга жиддий вазифа қўйилгани учун астойдил тайёргарлик кўряпмиз. Ўзбекистон чемпионатида ва Ўзбекистон Кубогида ҳам ижобий натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Машғулотлар икки маҳалдан давом этяпти. Ўртоқлик ўйинлари ҳам бор. Ҳамма футболчиларни кайфияти аъло даражада. Машғулотлар ҳам қизиқарли ўтяпти. Ҳар куни ҳар хил услубларда ишлаяпмиз, бир хиллик, зерикиш йўқ, шу боис ҳаммада кайфият зўр!
- Бу йилги мавсумда фаолиятингизда янги саҳифа очилди. «Пахтакор»дан «Андижон»га кўчиб ўтганингизда мухлислар жуда илиқ қарши олишган. Бошида жароҳатлар сизни қийнаб қўйди, кейин эса спорт формангизни тиклаб асосий таркибдан жой олдингиз. Айтинг-чи, ўша пайт билан ҳозирги пайтдаги ҳолатингизни таққослай оласизми?
- Биринчи келганимда чемпионатга оз фурсат қолганида жароҳат олиб қолдим. Соғайиб, яна формага кириш қийин бўлди. Бунинг устига чемпионат бошланиб қолди. Шу боис бошида бироз қийналдим. Кейинчалик жамоадошларим ёрдами ва мухлисларимизни қўллаб-қувватлаши билан аста-секин спорт формага кириб бордим. Худога шукр, ҳозирга келиб жароҳатлар ортда қолди. Мавсумнинг иккинчи ярмида янада яхши ўйинлар кўрсатиб, ижобий натижалар қайд этиб, ишқибозларимизни яна хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
- Гарчи «Андижон» чемпионатни ғалаба билан бошлаган бўлса-да, кейин омадсиз ўйинлар бўлди. Сўнгра мураббий алмашгач, ўйин ҳам, натижалар ҳам ўзгарди. Бу ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳа, чемпионатни ғалаба билан бошладик. Қолган турларда омад етишмади. Кўп вазиятлар яратган бўлсак ҳам дарвозага голлар кирмади. Омад келмаса қийин экан. Шунинг учун 5-6 турда қийинчиликлар бўлди. Уйдаги беллашувларда ҳам керакли очколарни йўқотдик. Кейин янги мураббий тайинланди. Ислом ака Аҳмедов қўл остида ўйнаб келаётган бўлсак, деярли ҳаммасида ғалаба қозониб келяпмиз. Ўйин услуби ва тактика ўзгарди. Шуни ҳисобига бошидаги ўйинларга нисбатан мухлисларга ёқадиган ўйинлар кўрсатяпмиз, деб ўйлайман.
- Мундиал сабабли чемпионатимизда танаффус эълон қилинган. Қизиғи, биринчи давра билан иккинчи давра баҳслари уланиб кетади. Биринчи давра тугашига яна 4 тур бор. Бундан кейин мана шундай танаффус бўлмайди. Футболчи сифатида бу ҳолатга биринчи бор дуч келяпсиз. Бу ноқулайлик туғдирмайдими?
- Тўғри, иккинчи давра ўйинлари ораси яқин, кўп учрашувлар бор. Шуни ҳисобига чарчоқ ҳолатлари билиниши табиий. Ўртада Кубок беллашувлари ҳам бор. Шунинг ҳисобига янада яхшироқ тайёргарлик кўриб, чемпионат давомида ортиқча қийналмаслик учун ҳозирги пайтда асосий эътибор жисмоний ҳолатимизни яхшилашга қаратилган. Бундан ташқари, жамоамизда иккита бир хил таркиб шаклланиб боряпти. Мураббийлар томонидан барча ўйинчиларга ўйин амалиёти ва имконият бериб бориляпти. Бемалол соғлом рақобат бўляпти. Шунинг ҳисобига иккинчи даврада қийналмаймиз. Кимдир таркибдан чиқса, ўрнини тўлдирадиган ўйинчилар мавжуд. Мавсумнинг иккинчи қисмида янада бор кучимизни бериб, олдимизга қўйилган вазифани бажармоқчимиз.
- Сиз билан Минскда суҳбатлашиб ўтирибмиз. Лекин, агар насиб бўлганида сиз ҳозир бу ерда эмас, миллий жамоа билан жаҳон чемпионатида бўлишингиз мумкин эди. Таркибга чақирилмаганингиз туфайли барчада нега Турғунбоев йўқ, деган саволлар бўлди. Шу пайтгача сукут сақладингиз. Энди фурсати келди ва бу ҳолатга қандай изоҳ берасиз?
- Жароҳатим туфайли спорт формасида бўла олмадим. Менимча, шу сабабли жаҳон чемпионатини ўтказиб юбордим. Насиб экан, нима дейсиз?! Албатта, бошлангунича формага кириб олиш учун роса ҳаракат қилдим. Танлов мураббийники, уни қарори ва буни ҳурмат қиламиз. Худо хоҳласа, кейинги мундиалга насиб бўлиб қолса, балки борармиз. Миллий жамоа йиғини бошлангунича спорт формасига киришга ҳаракат қилдим. Бироқ вақт кам эди. Шуни ҳисобига улгурмадим.
- Миллий жамоамизни ўйинларини кузатиб боряпсиз. Қандай фикрдасиз?
- Менимча, жамоамиз яхши ўйин кўрсатяпти. Чунки биринчи қатнашиши. Доим дебют иштирокда муаммолар, ҳаяжон, босим бўлади. Лекин рақиблар бизни осонликча ютгани йўқ. Йигитлар ҳам борини бериб ҳаракат қилишяпти. Бошланишига ёмон эмас. Қолган жамоалар ҳам Ўзбекистоннинг ўйинига қизиқиш билдиришяпти, кўришяпти. Бизнинг миллий жамоамизни ҳис қилишяпти.
- Саралаш баҳсларидаги ажойиб ўйинларингиз ва голларингиз билан Ўзбекистонни мундиалга чиқишига ўз ҳиссангизни қўшдингиз. Лекин ҳозирга келиб, мундиал ўйинларини телевизор орқали кўриш сизга оғир бўлмаяптими?
- Албатта, бундай пайтда ҳар бир одам учун борсам, ўйнасам бўларди, деган ҳолат ичида қолиб кетади. Барибир ҳаракат қилиб-қилиб, якунда қолиб кетсангиз алам қиларкан. Майли, насиб, Худони айтгани бўлади.
- Фабио Каннаваро кетишдан аввал матбуот анжуманида сиз ҳақингиздаги саволга жавоб берар экан, ўзингиз билан гаплашгани, шунингдек, у мен истаган ўйинни ҳали кўрсата олмаяпти, дея гапирганди. У билан муносабатингиз қандай бўлганди?
- Кетишдан олдин иккита йиғин бўлди. Дастлабки йиғинга жалб этмаганида телефон орқали гаплашдик. У менга, ҳолатингни кўряпман, жароҳатдан чиқдинг, ҳозир формада эмассан, кейинги йиғингача тайёрлан, чақираман, деб айтганди. Таржимон орқали гаплашдик. Мен ҳам ҳаракат қилдим, ишладим. Охирги йиғин бошланди, чақирилмадим. Шу билан алоқага чиқмади, гаплашмадик. Бу мураббийнинг иши, унинг қарорини ҳурмат қиламан, ишига аралашмайман.
- Жаҳон чемпионатига олиб кетилган 30 талик рўйхат эълон қилинганида турли фикрлар билдирилди. Чизиқлар бўйича муаммо пайдо бўлганида барибир Турғунбоевни олиб кетса бўларди, деган гап-сўзлар ҳам бўлди…
- Мураббий ўзи ишонган 30 талик футболчини олиб кетди. Ўзи ҳам у ёқда жароҳатлар бўлишини билмаган. Айнан жароҳатлар кўпайиб кетишини назарда тутмаган бўлса керак-да. Шуни ҳисобига у ерда позициялар бўйича бироз қийинчилик бўлди.
- «Андижон» билан машғулотларда фаол иштирок этяпсиз. Кўриниб турибдики, кайфиятингиз, иштиёқингиз ҳам жуда яхши. Ўзингизни яна руҳий томондан қандай тайёрлаб боряпсиз?
- Жаҳон чемпионатидан кейин Осиё Кубоги бор. Иккинчи даврада янада яхши формага кириб, ўзимни кўрсатиб, яна миллий жамоага қўшилиб, Осиё Кубогида ёрдам бериш ниятим бор. Орзуим жаҳон чемпионатида қатнашиш эди-да. Бунгача қолган барча ўйинларда ўйнагандим. Мундиал қолганди ва у ерга бориб, темпини ҳис қилиб келганимдан сўнг футболни тугатиш ҳолатига ҳам келиб қолардим (кулади). Айтмоқчиманки, мен олдимга қўйган ҳамма мақсадимга эришим, Худога шукр. Фақат биргина мундиал армоним бўлиб қолди.
- Агар тақдирингизга ёзилган бўлса, кейингисига борасиз…
- Ҳа, шундай. Тақдиримга ёзилган бўлса, кейинги мунидиалга борарман.
- Андижонлик мухлислар ҳам сизни бош жамоамизга чақирилишингиз учун ўйинларда алоҳида перформанслар тайёрлашди. Жамоа ишқибозлари сизнинг фаолиятингизда қандай ўрин тутишмоқда?
- Бошқа клубда ўйнаб юрганимдаёқ «Андижон»нинг мухлислари жуда талабчан ва яхши кўрган ўйинчиларини юқори даражада қўллаб-қувватлашларини билардим. Бу ерга келганимдан кейин шу ҳолатни яна бир бор ҳис қилдим. Чунки ҳар бир учрашувда 13-15 минг мухлис бизни қўллаб-қувватлашади. Уларни олқишлаши албатта бизга керак. Бундай фанатларни олдида футбол ўйнаш барибир бошқача. Уларни шунчалик меҳрини қозонибмиз, алоҳида перформанслар тайёрлашди. Мухлисларга катта раҳмат айтаман. Яхши ўйинлар билан ишқибозларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
- «Андижон»даги инфратузилма, клуб базаси, шароитлар қандай экан? Олдин қандай тасаввур қилгандингиз?
- Менимча, Ўзбекистонда бундай база бўлмаса керак. Кўп клубларда бундай инфраструктура, база, шароит йўқ. Чунки базамизда иккита катта майдон, тикланиш учун махсус бассейн ва сауналар, тренажёр зали, футболчиларни дам олиш учун алоҳида хона, хуллас ҳамма нарса бор. «Андижон» клуби инфратузилмаси анча ривожланиб, топ даражага чиққан. Бу жамоага келиб афсус қилмадим. Бу ерда ҳаммаси топ!
- Олдинда мавсумни муҳим қисми турибди. Ҳали ҳеч нима йўқотилгани йўқ. Чемпионатда интрига ҳам кучли. Мавсум охиригача «Андижон»ни имкониятини қандай баҳолаяпсиз?
- 7-8-ўрингача жамоаларнинг очколари яқин. Яхши ўйинлар кўрсатиб, ғалабалар қозонсак олдимизга қўйилган вазифани бажара оламиз. Чунки ўйинлар ораси яқин. Агар жамоалар жисмонан тайёр бўлишмаса чарчашади. Иккинчи даврага ким тўлиқ тайёр бўлса, ўша жамоа биринчи ўринни олади. Мухлислар бизни қўллаб-қувватланглар, сизлар учун яхши ўйинлар кўрсатишда давом этамиз!