«Брентфорд» ва Италия миллий жамоаси қанот ҳимоячиси Майкл Кайоде Европанинг бир қанча клублари эътиборига тушди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали инсайдер Экрем Конур хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, 22 ёшли футболчи атрофидаги вазиятни «Ювентус», «Нюкасл», шунингдек, Лондоннинг «Арсенал» ва «Челси» клублари кузатиб бормоқда. Ўз навбатида «Брентфорд» қишки трансфер ойнасида футболчи билан хайрлашишни умуман режалаштирмаяпти.
Маълумот учун, Кайоде ўтган йилнинг ёзидан бери «асаларилар» шарафини ҳимоя қилиб келади. Томонлар ўртасидаги амалдаги шартнома муддати 2032 йил июн ойи охирида якунига етади. Футболчининг актуал трансфер нархи 40 миллион еврога баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АПЛ янги мавсумида 5 та турда 9 очко жамғарган «Брентфорд» мусобақа жадвалида 4-ўринни эгаллаб турибди.