Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Эндрик январ ойидаёқ Англия Премер-лигасига кўчиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда Football Insider нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, бразилиялик 20 ёшли футболчини ўз сафига қўшиб олишдан Унаи Эмери бошқарувидаги «Астон Вилла» манфаатдор. Бирмингҳэмликлар қишки трансфер ойнасида ҳужумчини ижарага олишни режалаштирмоқда.
Бироқ «Астон Вилла» бу борада «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Юнайтед» билан рақобатлашишига тўғри келиши мумкин. Ҳар икки клуб ҳам бразилиялик футболчининг хизматларига қизиқиш билдирмоқда.
Ёзги трансфер вақтида клуб футболчини ижарага беришни истамаганди. Бироқ ҳозирга келиб вазият ўзгарган. Мадридликлар ҳужумчи бўйича келиб тушадиган таклифларни кўриб чиқишга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, Эндрикнинг «Реал» билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ўрталарига қадар мўлжалланган.