Франция пойтахти Париж шаҳрида жойлашган «Palais des sports Marsel Cerdan» спорт саройида таэквондо WТ бўйича G6 категориясидаги Гран-при турнири ўз ниҳоясига етди.
Мамлакат таэквондо федерацияси матбуот хизмати ёзишича, 3 кун давом этган мусобақада Ўзбекистон жамоаси аъзолари ҳам иштирок этиб, 2 та кумуш ва 1 та бронза медаллари қўлга киритишди.
Жаҳон чемпиони Нажмиддин Қосимхожиев мусобақада иккинчи натижани қайд этиб, ушбу йил ҳисобидан кетма-кет иккинчи Гран-при турнирида ҳам совриндорга айланди. У июн ойида Рим мезбонлик қилган мусобақада бронза медалини қўлга киритганди. Бу сафар 22 яшар спортчи кумуш медалга сазовор бўлди.
Бир неча кун аввал Осиё ўйинларида ғалаба қозонган Жасурбек Жайсунов Парижда ҳам сермаҳсул ғалабаларни давом эттириб, финалга қадар етиб келди. Амалдаги жаҳон чемпиони Энрике Маркесга қарши кечган қизғин баҳсда омад бразилиялик спортчига кулиб боқди. Шундай бўлса-да, Жасурбек мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлиб, жаҳон рейтингидаги ўрнига қимматли очколарни қўшиб қўйди.
Бундан ташқари, аёллар ўртасида -67 кг вазн тоифасидаги беллашувларда Озода Собиржонова ҳам Осиё ўйинларидаги муваффақиятли иштирокдан сўнг Париж Гран-присида ҳам медал тақдим этди. У рақобатга бой ўтган баҳслар давомида бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, Павел Хан шогирдлари Париж Гран-присини 2 та кумуш ва 1 та бронза медали билан ниҳоясига етказди. Таққослаш учун, Ўзбекистон сўнгги бор 2023 йилда ташкил этилган Париждаги Гран-прида 1 та олтин медалга эга чиққан.
Таэквондо. Ўзбекистон Париж Гран-присини 3 та медал билан якунлади
Бошқалар
12 октябр, 10:20
Жайсунов амалдаги жаҳон чемпионига ютқазиб, кумуш медалга сазовор бўлди.
Foto: Taekwondo WT