Бокс бўйича оғир вазндаги собиқ жаҳон чемпионлари — британиялик Тайсон Фюри ва Энтони Жошуа ўртасидаги жангга чипталар 40 дақиқа ичида тўлиқ сотиб бўлинди. Бу ҳақда Source of Boxing нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, Фюри — Жошуа жангига чипта сотиб олиш учун 500 мингдан ортиқ мухлис онлайн навбатга турган. Чипталар нархи 120 доллардан 17 минг долларгача бўлган.
Аввалроқ Саудия Арабистони кўнгилочар тадбирлар бошқармаси раҳбари Турки Ал аш Шайх ҳам жанг чипталарининг сотилиши ҳақида маълумот берганди.
«Биз бу жанг жуда катта воқеа бўлишини билардик. Айни пайтда чипта олиш учун 700 минг киши навбатда турибди. Ticketmaster платформасида 500 мингдан ортиқ, стадионнинг расмий сайтида эса 170 мингдан ортиқ киши навбат кутмоқда», — деб ёзди у ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Тайсон Фюри ва Энтони Жошуа ўртасидаги жанг 11 декабр куни Кардифф шаҳрида бўлиб ўтади.
Фюри-Жошуа жанги чипталари 40 дақиқа ичида сотиб бўлинди
Бокс
12 октябр, 11:25
500 мингдан ортиқ киши онлайн навбатга турди.
Foto: Getty Images