RCC Boxing промоутерлик компанияси 12 декабр куни Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтадиган бокс кечасини расман эълон қилди.
Асосий жангда ярим оғир вазн тоифасида (79,4 кг гача) бирлаштирилган жаҳон чемпиони, россиялик Дмитрий Бивол (25 та ғалаба, 1 та мағлубият, 12 та нокаут) британиялик Каллум Смитга (31 та ғалаба, 2 та мағлубият, 22 та нокаут) қарши мажбурий ҳимоя жангида рингга кўтарилади.
Дмитрий Бивол 35 ёшда. Россиялик боксчи профессионал фаолиятини 2014 йилда бошлаган. 2017 йилда ярим оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган, 2025 йилда эса мутлақ жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган.
Каллум Смит эса 36 ёшда. Британиялик боксчи профессионал фаолиятини 2015 йилда бошлаган. 2018 йилда иккинчи ўрта вазн тоифасида (76,2 кг гача) жаҳон чемпиони бўлган. 2021 йилдан буён ярим оғир вазн тоифасида жанг қилиб келмоқда ва ушбу вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги унвонлари учун даъвогар бўлган.