Термизнинг «Сурхон» клуби бу йил Анвар Ғофуров бош мураббийлигида яхши таассурот қолдиряпти. Тўғри, жамоа ҳозирча 11-ўринда. Аммо таркибдаги ёшлардан иборат жамоа сифатида уларнинг кўрсатаётган ўйини мухлис ва мутахассисларга ёқяпти. Бунда эса Ғофуровнинг меҳнати жуда катта.
У мураббий сифатида ўзининг қарашларини, иш услубини сингдиришга муваффақ бўлди. Яъни, Анвар Ғофуровнинг ўйин чизмаси яққол кўриниб турибди.
Яқинда эса мураббий эронлик агент билан шартнома имзолади. Унинг клуб билан тузган битими ҳам шу йили якунига етади. Бу борада Tribuna.uz мухбири Анвар Ғофуровдан интервью олди.
- Анвар ака, яқинда эронлик агент Хамид Мерих билан келишувга эришдингиз ва у сизнинг расман агентингизга айланди. Бундай қарорга келишингиз нима билан боғлиқ? Бу ташаббус кимдан чиқди? Дастлаб шу хусусида батафсил тўхталиб ўтсангиз!
- Ҳа, эронлик агент Хамид Мерих билан икки йиллик келишувга эришдик. Замонавий футболда, бугунги кунда бу оддий ҳол. Хамид Мерих ўзаро танишларимиз орқали мен билан боғланиб, учрашдик ва танишдик. Сўнгра, шу қарорга келдим. Футболда ўз ўрнига эга ва мен уларни фикрларини, маслаҳатларини ҳурмат қиладиган инсонлар ҳам шу маслаҳатни беришди.
- Бундан чиқди, сизни яқин келажакда мураббий сифатида хорижда ҳам кўришимиз мумкинми? Бундай истагингиз баландми?
- Мен ҳозирги кунда ўзим яхши кўрган ишимни яхши бажаришга ҳаракат қиляпман. Қолгани Худога таваккал. Ўзимизда ёки хорижга бориб, яхши клубларда ишлаш, юқори ўринлар учун курашиш – бу ҳар бир мураббийни орзу ва нияти бўлса керак.
- «Сурхон» клубидаги фаолиятингиз борасида кўпчилик ижобий фикрлар билдиришяпти. Ёшларни қандай қилиб барқарорлик сари етаклаб боряпсиз?
- Худога шукр, бунинг устида қарийб ҳар куни жамоа билан ишлаяпмиз ва кундан-кунга янада кучлироқ жамоа бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Мен ва жамоамиз ҳаракатлари ҳақида илиқ фикр қолдираётган бўлсак, бундан жуда хурсандман. Бу дегани биз тўғри йўналишдамиз.
Албатта, ёшларни кузатиб, эътибор бериш керак. Уларга ишониш, тўғри йўлга йўналтириш лозим. Балки, ёшлар тажрибали ўйинчилар каби барқарор эмасдирлар. Ҳар бир ёш футболчи ўйиндан-ўйинга улғаяётганини кўриб хурсанд бўламан. Лекин ҳар бир ёш футболчини ўзига яраша йўли ва келажаги бор.
- Суперлигада энг кўп дуранг «Сурхон»га тегишли бўлиб, ҳозиргача 10 та ўйинда дуранг ўйнади. Бу сизнингча, нимадан далолат?
- Сабаблари кўп бўлса керак. Ўз жамоамиздан келиб чиқиб айтсам, Чинеду клубни тарк этиб, соф ҳужумчимиз битта қолди – Камрон Юсупов. У ҳали ёш ва жуда иқтидорли. Ҳали тажриба йиғиши керак. Бу позицияда Торнике ҳаракат қиляпти. Аслида ярим ҳимоячи, лекин шунга қарамай, талабларни бажариб, жуда яхши таассурот қолдирмоқда. Энг асосийси, биз яратган ўз вазиятларимиздан унумли фойдалана олмаяпмиз, рақиб ҳам (кулади). «Сурхон» жамоамиз бутун коллектив бўлиб, ўз ҳаракатлари билан ғалаба учун ҳаракат қиляпти. Бунинг учун футболчиларга алоҳида катта раҳмат. Мен учун жуда муҳим бўлган вазият, ҳеч қайси жамоага қарши автобус қўйиб, дурангга эришганимиз йўқ.
- Мураббий сифатида қайси маҳаллий ёки хорижлик мутахассиснинг иш услубини амалда қўллашни ёқтирасиз ва бунга амал қиласиз?
- Кучли ва тажрибали мураббийларимиз кам эмас. Вадим Абрамов, Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев, Александр Хомяков, Мирко Еличич, Темур Кападзе...Улардан ҳам кўп нарса ўрганса бўлади. Чет элда эса кучли мураббийлар жуда кўп. Тарихда ҳам ёд оладиган мутахассислар бисёр. Юрий Саркисян, Тачмурод Агамуродов, Виктор Жалилов, Валерий Лобановский, Константин Бесков, Йохан Кройф...Барибир ҳар бир мураббий кўрпага қараб оёқ узатади.
- Янги мавсум учун режаларингиз қандай? «Сурхон» билан ишни давом эттирасизми ёки янги чақириқларни кутяпсизми?
- «Сурхон» клуби билан шартномам 2026 йил охиригача. Бу борада келаси йилда нима бўлиши ҳали номаълум. Бутун эътибор қолган 3 турда яхши натижаларга эришиб, мухлисларни хурсанд қилган ҳолда таътилга чиқиш.
- Ўзбекистон Кубоги ярим финалида 4 та жамоа қолди: «Андижон», ОКМК, «Локомотив» ва «Навбаҳор». Сизнингча, бу йил ким Кубокни ютади?
- Биласизми, бу тўртликда ҳар бир жамоа Ўзбекистон Кубогида ғалаба қозониш учун имкониятга эга. Кучли мураббийлар, кучли ҳамда иқтидорли футболчилар етарли. Бу ўйинларда бўладиган вазиятлардан ким унумли фойдаланса ғалаба қозонади.
Кубок ғолиблиги учун тахминим:
Навбахор 30 %
Локомотив 30 %
ОКМК 20 %
Андижон 20 %
- Мураббий сифатида олдингизга қўйган асосий мақсадингиз нима?
- Худо хоҳласа, мухлисларимизга ёқадиган футбол намойиш этиб, ғалаба қозониш ҳамда кўплаб титулларни қўлга киритиш. Яхши ва кучли жамоаларни бошқариш ёки ўз олдига юқори мақсадлар қўйган жамоани бошқариш.
- Сир бўлмаса, хизматингизга қандай клублардан қизиқишлар бўлмоқда?
- Ўзимиздан қизиқишлар бўлганди. Лекин бу мавзуга декабрда қайтайлик, деб илтимос қилгандим. Энди эронлик Хамид Мерих агентим бор ва ҳамма таклифлар у орқали биргаликда кўриб чиқилади.
Анвар Ғофуров: «Энди эронлик агентим бор ва ҳамма таклифлар у орқали биргаликда кўриб чиқилади»
Эксклюзив
10 ноябр, 12:39
5
Tribuna.uz мухбири Ғофуровдан интервью олди.
Фото: Tribuna.uz
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади