Live
2
Ўзбек

Анвар Ғофуров: «Беҳруз Каримовни Европада ўйнашга лойиқ, деб ўйлайман»

Эксклюзив
27 июн, 08:00
Tribuna.uz журналисти «Сурхон» устози билан суҳбатлашди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Анвар Ғофуров: «Беҳруз Каримовни Европада ўйнашга лойиқ, деб ўйлайман»
Фото: Сурхон ПФК

Чемпионатимизда бошқа клублар қатори Термизнинг «Сурхон» жамоаси ҳам ёзги ўқув-машғулот йиғинини давом эттирмоқда. Клуб 11 турдан кейин 12 очко билан 12-ўринни эгаллаб турибди.

Жамоа бош мураббийи Анвар Ғофуров ўз жамоасини ёзги йиғинда янада яхшироқ тайёрлаш, таркибни шакллантириш борасида режалар ишлаб чиққан бўлиб, шунинг устида иш олиб бормоқда.

Бу борада Tribuna.uz журналисти «Сурхон» устозига бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

- Жамоангизнинг ёзги ўқув машғулот йиғини қандай давом этяпти? Кўнглингиз тўляптими?

- Ҳаммаси яхши. Бир ҳафта давомида Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида шуғулландик ва кейин Тошкентга қайтишга қарор қилдик. Ҳозирги кунда пойтахтда йиғинимиз давом этяпти.

- Таркибни бир қатор ўйинчилар тарк этди. Шу ҳақида тўхталсангиз ва кетишининг сабаби нимада?

- Ҳа, бир қатор футболчилар жамоамизни тарк этишди. Ҳозирги кунда 3-4 нафар футболчимиз, Потапов ва Жамол ўз хоҳишларига кўра кетдилар. Бу уларнинг қарори ва аниқ нима учун бу қарорни қабул қилганларини, уларни ўзларидан сўрасангиз тўғри бўларди. Жавоҳир ҳам жамоамизни тарк этди. У яхши футболчи ҳамда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун жамоани ўзгартиришга қарор қилди.

- Тожикистондаги йиғинда эътибор нимага қаратилди?

- Бу йиғинимизда кўпроқ хордиқдан сўнг, ҳар бир футболчимизни спорт формасини тиклаш ва янада мукаммаллаштириш учун эътибор қаратдик. У ерда асосан жисмоний ва техникага урғу бердик.

- Маълумки, «Сурхон» футболчиси Бехруз Каримов мундиалда ўзидан яхши таассурот қолдиряпти. Унинг иштирокига қандай баҳо берасиз?

- Албатта, Беҳруз ёш бўлишига қарамай, жуда истеъдодли ва кучли футболчи. У жуда яхши таассурот қолдиряпти. Ишонаманки, Каримов янада мукаммал футболчи бўлиши мумкин. Худо хоҳласа, яхши ва кучли жамоага ўтса, Ўзбекистон футболининг ютуғи бўлади. Беҳруз учун жамоамиздагилар ва ўзим ҳам жуда хурсандман.

- Жаҳон чемпионатидан кейин Беҳруз Каримовни Европага кетиши ҳақида айтилмоқда. Унга қандай таклифлар тушмоқда ва уни легионер сифатида Европада ўйнашига тайёр деб ҳисоблайсизми?

- Албатта, биз Беҳрузни ёшини инобатга олишимиз керак. Уни Европада ўйнашга лойиқ, деб ўйлайман. Каримов ҳақида кўп гапириш мумкин. Аниқ қанақа клублар қизиқиш билдираётганини билмайман. Миллий жамоамизга, ҳар бир футболчимизга омад тилайман.

- «Сурхон»га ёзги йиғинда қандай ўйинчилар қўшилмоқда ва умуман селекция ишлари қанадй олиб бориляпти?

- Ҳозирги кунда селекция ишлари олиб бориляпти. Лекин ҳали ҳеч қандай ўйинчи жамоамизга қўшилгани йўқ. Ҳали вақт бор, балки, Худо хоҳласа, ўзгаришлар бўлади. 2-3 нафар ўйинчи таркибимизга қўшилади.

Бугунги янгиликлар