Бугун
10
Ўзбек

«Анчадан бери легионер бўлишни ният қилиб қўйгандим» - Муҳаммад Одилов Лаосдаги фаолияти ҳақида

Футбол
2 август, 04:01
28 ёшли футболчи янги клуби билан бир мавсумга мўлжалланган шартнома имзолади.
«Анчадан бери легионер бўлишни ният қилиб қўйгандим» - Муҳаммад Одилов Лаосдаги фаолияти ҳақида
ФОТО: GBFC

Ўзбекистонлик ҳужумчи Муҳаммад Одилов фаолиятини Лаос чемпионатида давом эттирадиган бўлди. У биринчи даврани «Навоий ФА» клубида ўтказган эди. Шунингдек, Одилов билан биргаликда Асилбек Орифжонов ҳам «Мазда ГБФК» аъзосига айланишди. Шундан сўнг Tribuna.uz мухбири футболчи билан боғланди.

«Ҳа, Лаос клуби билан шартнома имзоладим. Агентим менга «Мазда ГБФК» клубидан таклиф борлигини айтди. Барчасини кўриб чиқиб, шароитлар менга маъқул келганидан сўнг келишувга эришдик. Анчадан бери легионер бўлишни ният қилиб қўйгандим. Лаос мен учун янги чақирувга айланди. Бундан хурсандман.

Клуб билан мавсум якунига қадар шартнома имзоладим. Бу клубда ёлғиз эмасман. Яна бир ўзбекистонлик футболчи Асилбек Орифжонов ҳам бор. Клуб томонидан иккаламизга ҳамма шароитга эга уй берилди. Фитнес зали ҳам бор. Клуб томонидан бизга алоҳида ходим бириктирилган. У доим биздан хабар олади.

Тўғриси, бу мамлакат ва клубдан таклиф бўлганидан сўнг Лаос ҳақида кўпроқ маълумот тўплашга киришдим. У ерда ўйнаган дўстларим ва танишларим билан боғландим. Улар ҳам барчаси яхши эканини айтишганидан сўнг иккиланишларсиз таклифга розилик билдирдим. Энди мавсум давомида голларим билан жамоамга ёрдам беришни мақсад қилганман», — дейди Одилов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда.

Баҳром Бобонов суҳбатлашди.

Бугунги янгиликлар