CIES Football Observatory сўнгги олти ойлик натижалар асосида Англия Премер лигасида тўп тепаётган 23 ёшгача бўлган энг кучли футболчилар рейтингини эълон қилди.
Унга кўра, «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 79,9 балл билан 19-ўринни эгаллади. Мутахассислар унинг ўйинида, айниқса, ҳужумни бошлаб бериш ва ривожлантиришдаги ҳиссасини юқори баҳолаган.
Рейтингда биринчи ўрин «Ливерпул» яримҳимоячиси Флориан Вирцга (93,8) насиб этди. Кучли учликдан, шунингдек, «Манчестер Сити» вингери Райан Шерки (90,0) ва «Нюкасл» ҳимоячиси Люис Ҳолл (87,7) жой олди.
Шунингдек, рўйхатда Алехандро Гарначо («Челси»), Адам Уортон («Кристал Пэлас») ва Конор Бредли («Ливерпул») каби ёш футболчилар ҳам бор.
Маълумот учун, CIES рейтингни тузишда футболчиларнинг индивидуал ҳаракатлари, ўйин вақти, жамоа натижалари ҳамда лига даражасини инобатга олади. Ҳусанов ушбу мавсум «Манчестер Сити» сафида 33 та баҳсда майдонга тушган. Унинг клуб билан шартномаси 2029 йилгача амал қилади, Тransfermarkt эса футболчини 35 миллион еврога баҳолаган.