2019 йилдан бери Индонезия чемпионатида тўп тепиб келаётган ҳамюртимиз Жавлон Гусейновни яхши билсангиз керак-а?
Тажрибали ҳимоячи еттинчи йилдирки, битта мамлакатда ўйнаб келмоқда. Аввалига «Борнео»да 2023 йилгача ўйнади. Шундан бери «Персита» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Гусейнов Индонезияда ўз меҳнати орқали яхшигина обрў-эътиборга эга бўлди.
Tribuna.uz журналисти бир қатор қизиқарли масалаларда Жавлон билан суҳбат уюштирди.
- Жавлон, 2019 йилда Индонезияга илк бор борганингизда, эҳтимол, бу мамлакатда футболчилик фаолиятингиз шунчалик узоқ давом этишини тасаввур қилмагандирсиз. Бугун орқага қараб, Индонезиядаги 7 йиллик фаолиятингизни қандай баҳолайсиз?
- Авваламбор, эътибор учун раҳмат. Ҳа, албатта, ўзим ҳам тасаввур қилмагандим, кўп йиллар фаолиятим шу ер билан боғлиқ бўлишини. Ижобий баҳолайман, ҳар тарафлама.
- Сиз 2019–2023 йилларда «Борнео»да, кейин эса «Персита»да тўп сурдингиз. Икки клубдаги муҳит, талаб ва футбол фалсафаси ўртасида қандай фарқ бор? Қайси жамоада футболчи сифатида ўзингизни кўпроқ оча олдингиз?
- Икки жамоада муҳит ажойиб ва бир-бирига ўхшаш жиҳатлари бор. «Борнео»да бўлган пайтим клуб энди оёққа тураётган ва ривожланишни бошлаётган жамоа эди. Ҳозирга келиб ўз олдига чемпионлик мақсадларини қўядиган даражага чиқишди. У клубдан албатта миннатдорман, чунки улар сабабли Индонезия футболида танилишимга сабабчи бўлган.
Ҳозирги жамоамни ажралиб турадиган сифати — кўпроқ ёшларни ривожлантиришга урғу беришади. Ҳар йили камида 3–4 нафар ёш футболчи лигада дебют қилади ва Суперлига ўйинчиси сифатида ривожланади. Ҳар иккала клубда қайсидир сифатларимни яхшилашга эришдим, деб ўйлайман.
- Индонезия футболи Ўзбекистон футболига қараганда анча бошқача муҳитга эга. Биринчи йилларда сизга энг қийин бўлган жиҳат нима эди ва бу муҳитга мослашиш жараёнида ўзингизда нимани ўзгартиришга тўғри келди?
- Тўғриси, мослашишим жуда қийин кечди, деб айтолмайман. Бунга албатта маҳаллий йигитларнинг ёрдамини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. Футбол томонлама ўзгаришга сабаблар бўлмади, лекин футболдан ташқари таомларга, одамларнинг айтилган вақтда иш бажармаслиги ва шунга ўхшаш нарсаларга кўникишим қийин кечди.

- Сизнинг Индонезиядаги энг катта ютуғингиз фақат майдондаги натижалар билан чекланмайди. Сиз ҳатто маҳаллий ОАВга индонезия тилида интервью беряпсиз. Тилни ўрганиш ва маҳаллий маданиятни қабул қилиш сизга футболчи сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам нима берди?
- Тилни ўрганишим менга катта плюс бўлди. Жамоадошларим билан ва кундалик ҳаётимда мулоқот қилишим осонлашди. Инсон сифатида катта ўсишга эришдим, дунёқарашим кенгайди.
- Индонезияда ўзбекистонлик футболчи сифатида сизга бўлган муносабат қандай? Маҳаллий мухлислар ва журналистлар сизда нимани қадрлашади, деб ўйлайсиз?
- Шу кунгача, Худога шукр, муносабат яхши, лекин ҳаммага ёқаман, дея олмайман (кулади). Қайси жиҳатимни қадрлашларини энди улардан сўраш керак.
- Сиз бир неча йилдан бери Индонезиядасиз. Маҳаллий футболчилар билан бир майдонда ўйнаб, уларни яқиндан кузатган инсон сифатида, Индонезия футболининг биз Ўзбекистонда кўпинча сезмайдиган энг кучли томони нимада, деб ўйлайсиз?
- Агар футболчиларни назарда тутсак, менимча, маҳаллий футболчилар майдонда эркинроқ ҳаракат қилиши. Мухлислик!
- Аксинча, Ўзбекистон футболида бор, аммо Индонезия футболида сиз етишмаётган деб ҳисоблайдиган жиҳатлар борми? Агар Ўзбекистон футболи Индонезия тажрибасидан ниманидир олиши керак бўлса, бу нима бўлар эди?
- Футболчиларнинг физик ҳолати ва тактик томонлама тушунчаси бизда кучлироқ, деб ўйлайман. Ўзбек футболи Индонезия клубларидан маркетинг ва медиа соҳасида ўрганса бўладиган жиҳатлар бор. Чунки ҳамма жамоа хусусий бўлгани учун бу томонлари устунроқ.
- Сизнинг Индонезиядаги фаолиятингиз давомида футболга бўлган қарашингиз ҳам ўзгарган бўлса керак. 2019 йилдаги Жавлон билан бугунги Жавлон ўртасидаги энг катта фарқ нимада?
- Кўп ёмон иллатлар қолиб, кўп яхшиларига эга бўлганим. Футболчи ва инсон сифатида ўсганимда.
- Ўзбекистонлик футболчининг хорижда узоқ йиллар давомида бир мамлакат чемпионатида барқарор ўйнаши кам учрайди. Сизнингча, бунинг асосий сабаби нимада: профессионал ёндашув, менталитет, тил ва маданиятга мослашиш ёки бошқа омиллардами?
- Сиз айтиб ўтган омиллар албатта катта роль ўйнайди. Буларга қўшимча қилиб, ўзимни бу ерда қулай ҳис қилишимни айтиб ўтардим.
- Индонезияда сизга нисбатан ишонч ва обрў шаклланганини кўриш мумкин. Бу обрўни сақлаб қолиш майдонда яхши ўйнашдан кўра қийинроқми? Сиз ўзингизни маҳаллий футбол муҳитининг бир қисми сифатида ҳис қиласизми?
- Ишончга эришиш қийин, лекин уни сақлаб қолиш янада қийинроқ. Майдонда ва майдон ташқарида ҳар доим бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. 8-мавсум ўтказишим балки маҳаллий футболнинг бир қисми деб айтишга лойиқдирман.
- Энди фаолиятингизнинг кейинги босқичи ҳақида. Индонезияда қолиш, бошқа мамлакат чемпионатида ўзингизни синаб кўриш ёки Ўзбекистонга қайтиш — қайси вариант сиз учун қизиқроқ? Фаолиятингиз якунини қаерда кўришни истайсиз?
- Ўзимга ҳам қизиқ бу нарса. Кўпроқ Индонезияда қолиш варианти менга яқинроқ.
- Ва якунда бироз бошқача савол: агар Индонезияга 2019 йилда илк марта йўл олган ёш Жавлон Гусейнов ҳозирги Жавлон билан гаплаша олганида, унга энг биринчи қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
- Ажойиб савол. Агар бундай имконият бўлганда, «тўғри қарор қабул қилдинг, ҳар бир лаҳзадан завқлан», дердим.