«Локомотив» клуби ёзги трансфер ойнаси очилиши заҳоти селекциядаги самарасининг амалдаги исботини намойиш қилган ҳолда Жасур Яхшибоев таркибга қўшиб олинганини эълон қилди.
Орадан бир неча мавсум ўтгач, ушбу ўйинчи ниҳоят яна чемпионатимизга расман қайтди. Қуйида Жасур билан уюштирилган суҳбатни ўқишингиз мумкин.
- «Темирйўлчилар» таклифини қабул қилишингизни асосий сабаби нимада? Ким туртки бўлди?
- Ҳеч ким туртки бўлгани йўқ. Йил бошида ҳам улар билан келишгандим. Ўртада Қозоғистон варианти пайдо бўлгани учун биз ўзаро келишган ҳолатда шартномани бекор қилгандик. Бироқ Қозоғистонда ўхшамаганлиги учун ёзда яна «Локомотив»га қайтдим.
- Дарҳақиқат, сизни Қозоғистонга кетганингизни эшитгандик, кейин эса режалар ўзгариб кетганидан ҳам хабардор эдик. У ерда аслида нима юз берганди?
- Молиявий томонлама бироз келишмовчилик бўлди. Клубга трансфер таъқиқи қўйилди. Шу сабабли «Ордабаси» билан шартнома туза олмадик.
- Ўтган вақт давомида ўйин амалиётисиз қолганингиз кайфиятингизга ҳам таъсир қилгандир-а?
- Тушунмовчилик сабабли ярим йил уйда қолиб кетдим. Уйда кўпроқ қолдим. Бу ёқимсиз бўлди.
- Спорт формангизни ушлаб туриш қийин бўлмадими?
- Бир ойдан бери аста-секин спорт формам жойига тушиб боряпти. Унгача ўзим индивидуал шуғулланиб юрдим.
- Спорт формангизни йўқотмабсизда...
- Албатта, ярим йил футбол ўйнамагандан кейин ҳар қандай ўйинчида спорт форма йўқолади. Машғулот билан ўйинларни фарқи бор-ку. Ўнта машғулот қилганингиздан битта ўйин ўйнаганингиз яхши.
- «Локомотив»га қайтганингиздан кейин сизда бошқача иштиёқ ва кайфият сезилаётгандир...
- Бўлди, одам соғинади. Иштиёқ яхши. Худо хоҳласа, ҳаракат қилиб, бу ёғига ўзимни кўрсатишга интиламан.
- «Локо» билан ўз олдингизга қандай мақсадлар қўйяпсиз?
- Биринчи навбатда ўзимга, спорт формамга кириб олиш. Шу боис аввало, спорт формамга қайтишни ва жамоага ёрдам беришни хоҳлайман.
- Чемпионатни кузатаётган бўлсангиз, Суперлигамизни даражасини қандай баҳолаяпсиз? Биламизки, лигада расмий учрашувда ўйнамаганингизга анча бўлди.
- Ҳозир бирор нарса дея олмайман. Чунки Суперлигада ўйнаганимга 3-4 йил бўлди. Ҳозирга келиб, Суперлига ҳам анча кучайган. Кўриб турибсиз, ҳамма томонлама ривожланиш бўляпти. Футболчилар ҳам, ташкилий томонлама ҳам анча ўсди. 17 июль куни «Пахтакор» билан ўйнаймиз. Барибир анча яхши ва лигада ўсиш сезиляпти. Барча клублар деярли тенг ўйин кўрсатяпти.
- «Локомотив»да қайси рақамни танладингиз?
- Ҳали аниқ эмас. Энди танлаймиз.
- Клубда сизни қандай қарши олишди? Эътибор, шароит қанақа?
- Ҳаммаси яхши. Ажойиб кутиб олишди. 50 фоиз футболчиларни танийман, бирга ўйнаганман.
- Адашмасам, бош мураббий Мирко Йеличич билан илк бор ишлаяпсиз-а?
- У билан биринчи марта ишлаяпман. Аммо олдин терма жамоаларда, «Пахтакор»да ҳам ишлаган. Айнан мен бўлган пайтда фаолият олиб борган. Шу боис бир-биримиз учун бироз бўлса ҳам танишмиз. У мени, мен эса уни биламан. Ҳозир янада яқинроқ танишяпмиз ва ҳаммаси яхши.
- Бош мураббий билан илк суҳбат қандай ўтди ва сизга қанчалик ишонч билдиряпти?
- Футбол тарафлама тушунтириб боряпти, тактик услубларни, ўйинларда қанақа ҳаракат қилишимиз борасида маслаҳатларини, кўрсатмаларини бериб боряпти.
Жасур Яхшибоев: «Тушунмовчилик сабабли ярим йил уйда қолиб кетдим»
Эксклюзив
15 июл, 05:37
Tribuna.uz мухбири «Локомотив» сафига келиб қўшилган футболчи билан суҳбатлашди.
Фото: Локомотив ПФК
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади