Суперлиганинг 23-тур баҳслари давом эттирилмоқда. Навоийда «Қизилқум» жамоаси Термизнинг «Сурхон» клубини қабул қилди. Ўйин 0:0 ҳисобида якунланди. Беллашувдан кейин навоийликлар бош мураббийи Жамшид Саидов матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйин ҳақида айтадиган бўлсам, учрашув жуда яхши ўтди, ўйин мазмуни ҳам анча яхши бўлди. Аммо, афсуски, бугун икки очко йўқотдик, деб ҳисоблайман. Ўз вазиятларимиздан фойдалана олмадик. Гарчи ўйин назорати «Сурхон»да бўлган бўлса-да, биз қарши ҳужумлар орқали олдинга чиқиб бордик. Бир нечта вазият яратдик, лекин улардан фойдалана олмадик. Шундай бўлса-да, йигитларга катта раҳмат айтмоқчиман. Улар майдонда бор кучларини ишга солишди. Бугун ғалабага эришиш насиб қилмади. Энди кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз.
- Жамоанинг ҳужумлари қанотлар орқали ташкил қилиняпти. Аммо тўп майдон марказига кўчганда ўйин қовушмаяпти. Ўртада фаол ўйнайдиган ижрочилар кўринмаяпти…
- Учрашув учун аниқ стратегиямиз бор эди — қанотлар орқали, майдон кенглигидан фойдаланиб ўйнашни режалаштиргандик. Аммо айрим вазиятларда тўп узатилган пайтда керакли нуқтага етиб боришга улгурмадик. Чунки «Сурхон» тўпни кўпроқ назорат қилди. Шу сабабли футболчиларимиз иккинчи зонада рақибни кутиб олишди, олдинги чизиқда эса вазиятлар яратиш бироз қийинлашди.
Менимча, ўз вазиятларимиздан фойдаланганимизда, ўйин бутунлай бошқача кечиши мумкин эди. Биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам имкониятлар яратдик. «Сурхон» тўп назорати орқали ўйнашини билардик. Улар аслида жиддий вазиятлар ярата олишмади. Тўпни асосан ўз ҳимоявий зонасида ва иккинчи зонада назорат қилишди. Биз эса қарши ҳужумлар орқали ўйнашга тайёр эдик ва бу борада имкониятларга эга бўлдик.
Бироқ якунловчи зарбаларда аниқлик етишмади. Вазиятлар бўлди, лекин улардан унумли фойдалана олмадик. Ҳимояда ҳаммаси ёмон бўлмади, аммо айрим тушунмовчиликлар ҳам кузатилди.
Яна бир жиҳатни айтишим керак. ФИФА кунлари сабабли юзага келган узоқ танаффус ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Кечаги турдаги ўйинларда ҳам буни кўриш мумкин эди. Менимча, узоқ танаффус футболчиларга таъсир қилди. Кўплаб футболчилар майдонга чиқишда қийналишди, чунки уларнинг аксарияти жароҳатдан кейин сафга қайтишган. Айрим футболчилар қарийб 15 кун, ҳатто икки-уч ҳафта давомида жароҳат сабабли майдонга туша олишмаган. Бу ҳолат ҳам ўз таъсирини кўрсатди.
- «Қизилқум» ФИФА кунларида фақат битта ўртоқлик ўйини билан чекланди. Бошқа жамоалар эса иккитадан ўйин ташкил қилишди.
- Биласиз, биз географик жиҳатдан анча узоқда жойлашганмиз. Шу сабабли «Бухоро» билан фақат бир марта ўйнадик. Улар билан тўрт бўлимдан иборат ўртоқлик учрашуви ҳам ўтказдик. Айрим футболчилар жароҳатлари сабабли даволаниш билан банд бўлишди. Яна бир бор айтаман, баъзи футболчилар ўйин амалиёти ва ўйин ритмини бироз йўқотишди. Аммо ишонаманки, ўйиндан-ўйинга ўзимизни тиклаб борамиз ва ҳали ўз ўйинимизни кўрсатамиз. Худо хоҳласа, Андижонда очколар учун курашамиз.
- Жамоангизга яна тўрт очко олиш қолди. Аммо назарий жиҳатдан бу ҳам ўтиш ўйинлари зонасидан чиқиш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Бу борада ҳисоб-китоб қилиб кўрдингизми?
- Мен бундай ҳисоб-китоблар билан шуғулланмайман. Албатта, тўрт очко олиш бизга юз фоиз кафолат бериши мумкин. Агар бугун ғалаба қозонганимизда, очколар ўртасидаги фарқ атиги икки очкони ташкил қиларди. Энди нима бўлганда ҳам, русларда айтилганидек, қон чиққунча ҳаракат қилиб бўлса-да, шу тўрт очкони олишимиз керак.
- Демак, энди асосий эътибор уйдаги ўйинларга қаратилади?
- Албатта, ҳаракат қиламиз. Менимча, ўз майдонимиздаги учрашувларда максимал даражада ҳаракат қиламиз. Йигитлар яхши, жамоавий муҳит ҳам ёмон эмас. Футболда хатоларсиз ўйин бўлмайди.
Бугун, афсуски, яна бир бор айтаман, икки очко йўқотдик. Агар ўз вазиятларимиздан фойдаланиб, биринчи бўлимнинг ўзидаёқ гол урганимизда, ўйин бошқача кечарди. Кўриб турганингиздек, рақибда тўп назорати кўпроқ бўлди. Биз эса уларнинг айнан шундай ўйнашини кутгандик. «Сурхон» тўпни назорат қилишини билардик.
Энг муҳими, ўзимизда вазиятлар бўлди. Агар вазият ярата олмаганимизда, бошқа гап эди. «Сурхон»да эса аниқ голли вазиятлар деярли бўлмади. Эсимда, улар бир марта қанотдан тўп узатиб, зарба беришгани бор, холос.
Тўпни назорат қилиш, қисқа ва ўрта масофага паслар бериш ҳамда бироз юқорироқ тезликда ўйнаш — рақибнинг кучли жиҳатлари. Аммо улар буни асосан, ҳисобда олдинга чиққандан кейин амалга оширишди», - дея Саидовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.