«Қизилқум» - «Сурхон» (0:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Анвар Ғофуров матбуот анжуманида қатнашди.
- Ассалому алайкум! Ўйин қийин кечишини билгандик, чунки уларга ҳам худди биз каби очколар керак эди. Бу учрашув қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини яхши тушунардим. Улар ҳам буни билишарди, биз ҳам билардик.
Бугун, менимча, жамоамиз яхши ўйин кўрсатди. Иккала жамоада ҳам вазиятлар бўлди. «Қизилқум»да ҳам, бизда ҳам имкониятлар юзага келди. Ўйлайманки, вазиятлардан унумли фойдаланганимизда, бу ердан бошқа натижа билан қайтишимиз мумкин эди.
Йигитларга катта раҳмат, улар жуда кўп меҳнат қилишди. Менимча, яхши ўйин кўрсатишди. Гол уришда бироз омадимиз келмади, деб ўйлайман. Кейинги ўйинларда бунинг устида ишлаб, гол уришга ва ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Умуман, ҳар бир ўйинга ғалаба учун чиқамиз, бу аниқ.
Мухлисларга ҳам катта раҳмат. Шунча йўл босиб келиб, бизни қўллаб-қувватлаганлари учун алоҳида миннатдорчилик билдираман.
- Ҳакамлик борасида қандайдир эътирозларингиз борми? Масалан, «Андижон», «Динамо» бош мураббийлари ҳакамларга эътироз билдиришди. Сизда ҳам бу борада уларга нисбатан эътирозлар борми?
- Йўқ, менимча, бугун, эҳтимол, айрим вазиятлар кимгадир ёқмагандир. Аммо буни инсон омили билан боғлаш мумкин. Балки ҳакам ҳамма нарсани ҳам пайқамагандир. Бундай ҳолатлар бўлиб туради, бу табиий. Ўйин натижасига таъсир кўрсатадиган қандайдир жиддий ҳолат бўлмади. Ҳакам ҳам инсон, у ҳам хато қилиши мумкин, деб ўйлайман. Барчамиз буни тушунишимиз керак, чунки ҳаммамиз ҳам хато қиламиз.
Албатта, қўпол хатолар бўлса, бу ҳар қандай инсоннинг жаҳлини чиқариши мумкин. Буни ҳам тушуниш керак. Аммо бугун очиқ-ойдин эътироз билдириш мумкин бўлган жиддий шубҳа уйғотадиган вазиятларни кўрмадим.
- Ўтган йили бош мураббийлар U-21 жамоалари асосий таркибдан кейин ўйнаши ва шу сабабли уларнинг учрашувларини стадионда кузата олмасликларидан шикоят қилишганди. Аммо бу йил кузатишимча, деярли бирорта бош мураббий захира таркиблари ўйинида қатнашмаяпти. Бунинг сабаби нимада?
- Ҳа, бунинг тескари таъсири ҳам бор. Бизда айнан шу вақтда машғулот бўлади. Масалан, мен телефон орқали биринчи бўлимни кўрдим, кейин эса машғулотимиз бошланди. Машғулот тугагач, ҳисобни яна текширдим. Ҳозирча вазият шундай.
У ерга етиб бориш ҳам анча қийин, деб ўйлайман. Менинг ҳолатимда эса масалан, ўша жамоадаги йигитларнинг деярли барчасини танийман. Уларнинг деярли барчасини яхши биламан, имкониятларини ҳам биламан. Шу маънода, балки менга бироз осонроқдир.
- Сизда Суперлиганинг деярли энг ёш жамоаси бор. Бугунги ўйинда қайси ёш футболчиларни алоҳида таъкидлай оласиз?
- Йўқ, бизнинг жамоада ҳамма йигитлар баракалла, ҳаммаси яхши ўйнади. Менимча, кўпчилик жамоавий ўйинимизни пайқади. Албатта, жамоамизда етакчилар бор, аммо умуман олганда, биз бир мушт бўлиб ҳаракат қиламиз.
Менимча, бизнинг бутун жамоамиз юлдуз! Шу йўналишда ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Ҳеч кимни хафа қилишни истамайман, барча йигитларимиз баракалла. Бу аниқ, мутлақо аниқ», - дея Ғофуровнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.