Спорт вазири Адҳам Икрамов бошчилигида Zoom платформаси орқали «Барселона» клуби вакиллари билан онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, «Барселона» клуби ижроия жамоаси аъзоси Сесар Мартинес ҳамда клубнинг билимлар, илмий тадқиқотлар ва инновациялар платформаси – Barca Innovation Hub бош директори Алберт Мундет иштирок этди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, ёш футболчиларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш ҳамда замонавий футбол методологиясини жорий этиш мақсадида «Барселона» клубининг расмий халқаро футбол академияси – «Barca Academy» лойиҳасини Ўзбекистонда амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар Barca Academy фаолияти, унинг машҳур Ла Масия академияси методологиясига асосланган таълим тизими, мураббийлар малакасини ошириш, замонавий футбол фалсафасини жорий этиш ва иқтидорли футболчиларни саралаш борасидаги тажрибаси юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, Марказий Осиёдаги илк расмий «Barсa Academy» 2023 йилда Қирғиз Республикасининг Жалолобод шаҳрида иш бошлагани, айни пайтда Бишкек шаҳрида иккинчи академияни ташкил этиш ишлари олиб борилаётгани қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда « Barсa Academy» лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини биргаликда ўрганиш, болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, маҳаллий мураббийлар малакасини ошириш ҳамда футбол соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистонда «Барселона»нинг академияси очилиши мумкин
Футбол
14 июл, 14:28
«Barca Academy» лойиҳасини Ўзбекистонда амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Фото: Minsport
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади