«Навбаҳор» Наманганда «Локомотив» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади ва ғалабани қўлдан чиқарди. Учрашувидан кейинги матбуот анжуманида наманганликлар бош мураббийи Темур Кападзе иштирок этди.
— Ассалому алайкум. Албатта, қийин учрашув бўлди. Кутилганидек, чунки «Локомотив» — яхши жамоа. Лекин, албатта, аламли дуранг бўлди. Рақиб битта эпизоддан фойдаланиб кетди. У ҳам, албатта, индивидуал маҳорат эвазига бўлди. Бошқа жиддий имкониятлари ҳам йўқ эди. Бизда эса яхши имкониятлар бўлди. Фойдаланамиз, деб ўйлагандик. 1:0 ҳисобида ҳам имкониятларимиз бўлган, ундан олдин ҳам вазиятлар бўлди. Шунчаки, менимча, улардан фойдаланиш керак эди. 1:0 барибир қандайдир хатарли ҳисоб эди. Шу, бошқа гапим йўқ. Чунки ҳар томонлама, ғалаба қозонишимиз керак эди ва бунга ҳақли ҳам эдик. Менимча, ўйинда кўпроқ имкониятларга эга бўлдик. Афсуски, битта эпизодда «концентрация»ни йўқотиб, гол ўтказиб юбордик. Шунинг учун дуранг алам қилди. Албатта, мухлисларга раҳмат айтаман. Келиб, биз қўллаб-қувватлаган барча мухлисларга катта раҳмат.
— Темур Тохиевич, аввало, ойнинг энг яхши мураббийи бўлганингиз билан табриклаймиз. Энди йилнинг энг яхши мураббийи бўлиш ҳам насиб қилсин. Олдинги ўйинларда вингерлар тўпни олиб, фаоллик кўрсатишарди. Бугун эса буни кўрмадик. Улар ўйиндан келиб чиқиб, ўзлари шундай қарор қабул қилишдими?
— Биринчидан, раҳмат. Ўйлайманки, бу соврин нафақат меники, балки бутун жамоамизники. Мухлисларимизники ҳам, раҳбариятники ҳам, жамоаники ҳам, шабники ҳам. Чунки унга барчамиз биргаликда эришдик. Иккинчидан, йўқ, бундай кўрсатма бўлмаган. Албатта, вазиятдан келиб чиқиб ҳаракат қилиш керак эди. Биринчи бўлимда Муҳаммадали Усмонов яхши ўйнамай қолди. Умуман, ўйини тушмади, ўйинга кириша олмади. Айрим эпизодларда яхшироқ ҳаракат қилса бўларди. Умуман олганда, албатта, икки-уч нафар футболчимиздан бугунги ўйинда кутганимизни ололмадик. Билмадим, балки чарчоқ аломатлари ҳам бордир. Чунки уч кун олдин Кубок ўйини бўлган эди. «Локомотив» барибир тетикроқ экани кўриниб турди. Улар кўп ўйнамаган, тайёргарлик учун ҳам яхши имкониятга эга бўлган. Бизда эса бу ўйинга тайёргарлик кўриш учун вақт жуда қисқа эди. Шунга қарамай, буни тушунган ҳолда майдонга чиқдик. Лекин футболчилар, менимча, охиригача курашишди. Имкониятлар бўлди, вазиятларимиз ҳам бўлди, фақат уларни самарали якунлай олмадик. Қолганини, албатта, кўриб чиқамиз, таҳлил қиламиз. Футболчиларга қайси эпизодларда қандай хатоларга йўл қўйганини тушунтирамиз. Умуман олганда, рақиб жамоа ҳам қаердадир имконият берди, қаердадир бермади.
— Кўплаб жамоалар мавсум бошида бир хил тактика ва бир хил ўйин услуби билан мавсумни бошлаб, рақиб ким бўлишидан қатъи назар, бир хил футбол намойиш этишади. Сизда эса турли тактик схемалар ва ҳар хил ўйин услубларини кўряпмиз. Бу жамоангизга қийинчилик туғдираётгандек кўринади. Шу ҳақда фикрингиз қандай?
— Йўқ, бизда унчалик катта ўзгариш йўқ. Шунчаки, рақиб жамоадан, уларнинг тузилишидан келиб чиқиб, кучсиз томонларидан фойдаланишимиз керак. Қаердадир ўхшаяпти, қаердадир ўхшамаяпти. Албатта, ҳар хил рақиблар келяпти, ҳар хил услубда ўйнаяпти. Шунинг учун биз ҳам қаердадир ўша услубга мослашиш ёки самаралироқ ўйнаш учун ўзгаришлар қилаётгандирмиз. Албатта, ўйин бошида Асадбек Раҳимжоновни йўқотганимиз ҳам ўзига яраша ёқимсиз ҳолат бўлди. Умуман олганда, ишлайдиган жойларимиз бор, олдинга кетадиган йўлларимиз ҳам бор. Ҳаракат қилишимиз керак, қолгани бўлади. Услуб — энг асосийси эмас. Ғалаба учун нима керак бўлса, шуни қилишга ҳаракат қиламиз.
— Ўйин давомида Ҳусайн Норчаев ва жамоадошлари ўртасида тушунмовчиликлар юзага келди. Ўша эпизод ҳақида гапирсангиз.
— Ўша эпизодда, албатта, ёқимсиз ҳолат бўлди. Ҳусайн ўша вазиятда пас берса, балки яхшироқ бўларди. Билмадим, ўрталарида қандайдир гап-сўз бўлганми. Ўйлайманки, бу масала ҳал бўлди. Энди, ҳужумчиларни айтишади-ку, озгина хасис бўлиш керак, деб. Лекин ўша эпизодда, менимча, пас бергани яхшироқ бўларди. Балки у ўзи зарба бериб, гол ураман, деб ўйлагандир. Ўша сонияларда содир бўлаётган нарсани бизга туриб гапириш осон. Лекин, албатта, айрим эпизодларда яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди.
— Бугун Ҳусайн Норчаев узоқ масофадан гол урди. Футболчиларга узоқ масофадан дарвозага зарба бериш бўйича кўрсатма бериладими?
— Йўқ, албатта. Ҳар бир ўйинда зарбалар бўлади. Қаердадир рақиб имконият беради, қаердадир бермайди. Шунга қараб имконият бўлади ва зарба берилади. Бу ҳеч қандай муаммо эмас. Биз қанотлардан ҳам, марказдан ҳам зарба беришимиз керак. Ўша эпизодларда рақиб имконият бермаган бўлса-да, барибир имкониятларимиз бор эди. Ўша вазиятларда охиригача фойдаланишимиз, охиригача курашишимиз ва бу ўйинни ғалаба билан якунлашимиз керак эди. Майли, пешонамизда шундай дуранг бор экан. Бунга ҳам шукр қиламиз ва ишлашда давом этамиз. Албатта, ҳеч қандай муаммо йўқ, бу — футбол. Ҳар бир ўйинни бир текисда ўтказиш, албатта, осон эмас. Биз ўзи сўнгги икки-учта учрашувда анча куч йўқотдик. Қаердадир жароҳатлар ҳам бор, майда жароҳатлар ҳам бор. Ҳаммасини, албатта, инобатга оламиз. Шунинг учун «Локомотив» бугун тетикроқ бўлган бўлиши мумкин. Лекин «жуда тетикроқ эди», дейиш қийин. Менимча, 90 дақиқа давомида барибир биз уларга қараганда яхшироқ ўйнадик.
— Асадбек Раҳимжоновнинг жароҳат олиши ҳам ўйинга таъсир қилдими?
— Албатта, режаларимиз ўзгарди. Чунки биз барибир маълум бир режа асосида майдонга чиққан эдик. Асадбек нима қилиши керак, бошқаси нима қилиши керак — шуларда озгина ўзгариш бўлди, лекин унчалик катта ўзгариш эмас. Захирада ўйинчиларимиз бор, улар бир-бирини тўлдириб туради. Шунчаки, ўйин бошида шундай ҳолат юз бергани, албатта, ёқимсиз бўлди.
— Жароҳат жиддий эмасми?
— Бурчак тўпида урилиб кетди. Энди қанчалик жиддий ёки жиддий эмаслигини билмадим. Кўрамиз.
— «Локомотив»нинг бугун очко олгани омад ҳисобига бўлди, деб ўйлайсизми ёки…
— Кўпроқ рақиб футболчисининг индивидуал маҳорати деса ҳам бўлади. Кутилмаганда яхши зарба берди, албатта. Лекин ўша эпизодгача олиб келмаслик учун ҳам қаердадир яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди. Албатта, ҳимоячимиз Азамат яхшироқ ҳаракат қилиши керак эди. Оддий вазиятда у эпизодни бой берди ва рақиб футболчиси кириб кетди.
Албатта, бу футболда бўлиб турадиган нарса. Балки узоқ масофадан бўлгани учун шундай зарба кириб кетгандир. Гол кириши керак бўлган зарба кирди, муаммо йўқ. Биз шунчаки кўпроқ гол уришимиз керак эди. Имкониятларимиз бор эди. 1:0 ҳисобида ҳам имкониятлар бўлди, 1:1 пайтида ҳам қаердадир гол уриш мумкин эди.
Бу — футбол. Қаердадир хотиржамлик, қаердадир тетиклик етишмади. Уч кун олдин ҳиссиётларга бой ўйин ўтказган эдик. Шунинг учун, албатта, ўзига яраша жиҳатлар бор. Лекин бу бизнинг ғалаба қозонишимизга халақит бермаслиги керак эди. Бу ўйинда ғалаба қозонишимиз, уни ўз фойдамизга ҳал қилишимиз мумкин эди.
— Яна битта соф ҳужумчини майдонга тушириш имконияти бор эдими?
— Алмаштиришлар шундай бўлди, ўзингиз кўрдингиз. Мен ўйинни кузатаётган эдим. Бу ерда Умар ҳам, Диёp ҳам ўтган ўйинда анча катта ҳажмдаги ишни бажарган эди. Шунинг учун уларда янги куч қолмаган эди. Рақибнинг захирадан тушган футболчилари барибир ўйинни бироз кучайтирди. Бизда эса чарчаган футболчилар кўп эди. Улар аллақачон чарчаган эди. Чунки биз яна ҳужумда ўйинни ўз фойдамизга ҳал қилишимиз керак эди, лекин ҳимояни ҳам ўйлашимиз керак эди. Умуман олганда, Ҳусайн тетик эди. Албатта, имкониятимиз бўлганида яна бир ҳужумчини ҳам туширган бўлардик. Лекин шундай вазият юзага келдики, бошқа позицияни тўлдиришимиз керак бўлди», - дея Кападзенинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.