Бугун
215
Ўзбек

Рўзиқул Бердиев: «Қарши ҳужумлар ва стандарт вазиятларда яхши ўйнаганимиз ғалабани асосий омили бўлди»

Эксклюзив
5 сентябр, 04:59
«Насаф» бош мураббийи «Нефтчи»га қарши баҳс ҳақида фикр билдирди.
Рўзиқул Бердиев: «Қарши ҳужумлар ва стандарт вазиятларда яхши ўйнаганимиз ғалабани асосий омили бўлди»
Фото: Насаф ПФК

Турнинг марказий учрашувида «Насаф» Қаршида «Нефтчи»ни қабул қилди ва амалдаги чемпион ҳамда пешқадам бўлиб турган рақибини чинакамига нокаутга учратди. 6:2 – бундай катта ҳисоб кузатилишини ҳеч ким кутмаганди. Аммо «Насаф» буни уддалади. Учрашувдан кейин ғолиб жамоа устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.

- Мухлисларимизни узоқ кутилган ғалаба билан табриклаймиз. Улар билан биргаликда муҳим ғалабага эришдик. Кучли рақибни йирик ҳисобда мағлубиятга учратдик, бу албатта жуда ёқимли. Барчага ғалаба муборак бўлсин. Ўйин бошидан ҳужумда ишларимиз юришгани учун муҳим ғалабага эришдик. Бу бизга енгиллик берди. Иккинчи рақам бўлиб ўйнадигу, аммо қарши ҳужумларда ва стандартларда яхши ҳаракат қилдик ва бу ғалабани асосий омилларидан бири бўлди.

- Шала чарчаб қолдими ёки жароҳат олдими?

- Ўйинларимиз ҳар 4-5 кунда бўляпти. Барча ўйинларда ўйнаётгани учун толиқиш бўлди. Енгил жароҳат ҳам бўлди. Уни алмаштиришга мажбур бўлдик. Бундан ташқари, Мурод ҳам енгил жароҳат олди. Ўйлайманки, жароҳати жиддий бўлмайди.

- «Насаф»ни кетма-кет мағлубиятларидан кейин бугунги учрашувга «настрой» қилиш қийин бўлмадими?

- Ҳар бир ўйинга максимал ҳаракат қиляпмиз. Ютқазган учрашувларимизда ҳам йигитларга эътироз йўқ эди. Фақат қаердадир омадимиз юришмади. Балки баъзи учрашувларда бугунгидек руҳий тайёргарлик кам бўлгандир. Аммо футболчилар ҳар бир баҳс учун бор кучи билан ҳаракат қилишаётганди. Айтиб ўтганимдек, бу сафар ҳужумдаги ишларимиз яхши бошлангани учун ўйинимиз осон кечди.

- Ечиниш хонасида футболчиларни қандай сўзлар билан руҳлантирдиниз?

- Бу ўйинларга руҳий тайёргарликни айнан тайёргарлик жараёнларидан олиб борамиз, фақат ечиниш хонасида эмас. Кўрсатма берганимиздан кейин биринчи навбатда руҳий ҳолати яхши бўлиши керак. Жамоада хоҳиш ва иштиёқ катта бўлса, ҳар қандай рақиб билан ва мана бугун кўрсатдикки, исталган жамоани мағлубиятга учратишимиз мумкин. Руҳий тайёргарлик жуда муҳим жиҳати. Биз ва мухлисларимиз учун ҳам ғалаба жуда зарур эди. Йигитларни ички хиссиёти, тайёргарлик аъло даражада эди. Кучли рақибни, чемпион жамоани мағлубиятга учратишни йигитларимиз жуда хоҳлашганди. Ўз-ўзидан футболчиларда руҳий тайёргарлиги аъло даражада эди.

- «Насаф»га келган аксарият жамоалар ёпиқ ўйнашади. «Нефтчи» очиқ футбол ўйнагани учун жазоландими?

- Бу бизга енгиллик туғдиради. Олдинги учрашувларда, аутсайдерлар билан жамоа чуқур ҳимояланиб олса биз жуда қийналамиз. Шу боис бизга ҳужумкор жамоа билан ўйнаш маъқулроқ. Рақиб қанчалик ҳужумга берилса, биз учун бўш ҳудудлар бўлади ва бизга фойда бўлади. Футболчилар бунга мослашган ва тезкор. Шунинг учун рақиб ҳужум қилса, бизга қулайлик туғдиради.

- Клуб раҳбариятида ўзгариш бўлди. Ўйин олдидан футболчиларга муносиб рағбатлантириш айтилгани учун ҳам шунлай ўйин чиқдими ёки бошқа сабаб борми?

- Қачон раҳбариятимизда ўзгариш бўлди?

- Алишер Қодиров клуб президенти бўлди-ку…

- Алишер Қодиров йил бошидан клуб президенти ҳисобланади. Айтиб ўтишим керак, вилоят ҳокими ва бошқа сектор раҳбарлари бошчилигида жамоани ҳар қандай муаммосига ечим топиб бериляпти. Шу сабабли уларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Раҳбариятимиз жамоа кайфиятини кўтаришга бор кучи билан ҳаракат қиляпти. Шу боис ҳар учрашувда максимал ҳаракат қиляпмиз. Жамоа олдидаги қарздорлик масалалари ечилиб бормоқда.

- Грузиялик футболчида ортиқча вазн сезмадингизми?

- Ортиқча вазн эмасу, мослашиши бироз чўзиляпти. «Қизилқум» билан учрашувда унга тўлиқ имконият бердик. Аббос билан битта позицияда. Охирги учрашувларда Аббос Ғуломов яхши ўйнаяпти, шу сабабли у асосий таркибда», - дея Рўзиқул Саъдуллаевичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Бугунги янгиликлар