Италия миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Лучано Спаллетти замонавий футболнинг ўзгариши ва футболчилар учун муҳим бўлган жиҳатлар ҳақида фикр билдирди. Мутахассиснинг таъкидлашича, ўйинда тўғри фикрлаш ва руҳий тайёргарлик катта аҳамият касб этади.
«Футболчи учун нима муҳимроқ: техниками ёки кайфиятми? Агар фикрингиз тиниқ бўлса, сиз тайёрсиз. Бироқ айнан ҳаммаси назорат остида деб ўйлаган пайтингизда яширин хавф пайдо бўлади. Периферик кўриш футболчига устунлик беради, чунки у воқеалар ривожини олдиндан тахмин қилиш имконини яратади», — деди Спаллетти.
Италиялик мураббий замонавий футбол аввалгидан анча ўзгариб кетганини қайд этди. Унинг фикрича, ҳозир майдондаги позициялар ва вазифалар доимий равишда ўзгариб туради.
«Бугунги ўйин — тартибсизлик. Аввал мўлжаллар аниқ эди: чап марказий ҳимоячи, қанот ҳимоячиси ва муайян позициялар мавжуд эди. Ҳозир эса бўш ҳудудлар доим пайдо бўлади ва йўқолади, футболчилар эса ўз роллари ва вазифаларини алмаштириб туради», — дея Спаллеттининг сўзларини Тuttosport келтирди.
Спаллеттининг фикрича, футболчилар ўртасидаги фарқ тўпнинг ҳаракатини кузатиш билан чекланмайди. Энг кучли футболчилар тўпнинг кейинги ҳаракати қандай оқибатларга олиб келишини олдиндан англай олиши билан ажралиб туради.