«Манчестер Юнайтед»га тегишли бўлган ва ижара асосида «Астон Вилла» шарафини ҳимоя қилаётган ҳужумчи Жейдон Санчо Бирмингҳэм клуби таркибида Европа лигаси финалига йўл олди.
Унаи Эмери жамоаси 20 май куни бўлиб ўтадиган ҳал қилувчи баҳсда «Фрайбург» жамоасига қарши майдонга тушади.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу яримҳимоячи учун сўнгги уч йил ичидаги учинчи евроқубок финали бўлади. Санчо ушбу финалларнинг ҳар бирини турли жамоалар сафида кутиб олгани диққатга сазовордир.
2023/2024 йилги мавсумда Санчо «Боруссия Дортмунд» таркибида Чемпионлар Лигаси финалида Мадриднинг «Реал» клубига имкониятни бой берган эди (0:2). Бир йил ўтиб, футболчи «Челси» сафида Конференциялар Лигаси финалида «Бетис» устидан ғалаба қозониб (4:1), бош совринни қўлга киритди.
Бу мавсумда Санчо клуб миқёсида 37 та ўйинда майдонга тушиб, битта гол ва учта самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.