Бугун
32
Ўзбек

Ўрунов Эрон – Туркия чегарасида, Ашурматов Дубайда, Сергеев чегарадан ўтиш учун йўл олган – ЎФА расмийси

Футбол
1 март, 06:26
Эрон клубларидаги ўзбекистонлик футболчиларнинг қаерда экани ҳақида маълумот берилди.
Ўрунов Эрон – Туркия чегарасида, Ашурматов Дубайда, Сергеев чегарадан ўтиш учун йўл олган – ЎФА расмийси
Фoto: Persepolis FC

АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми ортидан ушбу мамлакатда фаолият юритаётган ўзбекистонлик футболчилар хавфсизлик нуқтаи назаридан вақтинчалик Эронни тарк этмоқда.

ЎФА расмийси хабарига кўра, Эрон клубларидаги Ўзбекистон миллий жамоасининг бир неча нафар аъзоси ҳозирга келиб нотинч вазият сабабли бу мамлакатни тарк этмоқда.

Теҳроннинг «Истиқлол» клуби ҳимоячиси Рустам Ашурматов айни дамда Дубайда бўлиб турибди. «Тракторсози» яримҳимоячиси Одил Ҳамробеков Тошкентга қайтган бўлса, Жалолиддин Машарипов жароҳатидан тикланиш жараёнини Италияда ўтказмоқда.

Игор Сергеев кеча, 28 феврал куни Эрон чегарасидан ўтиш учун йўлга отланган. «Персиполис»нинг яна бир аъзоси Остон Ўрунов айни дамда Эрон чегарасидан Туркия давлатига ўтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 28 феврал куни маҳаллий вақт билан соат 09:30 атрофида АҚШ ва Исроил томонидан йўлланган зарбалар оқибатида Теҳронда дастлабки портлашлар рўй берди. Бундан ташқари, шу вақтда мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари, жумладан, Исфаҳон, Қум, Кереж ва Кирмоншоҳ ҳам ҳужумга учраган. Эрон ҳаво ҳудуди ёпилганини эълон қилди.

Қизил яримой жамиятининг Эрондаги бўлимининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳужумлар оқибатида мамлакатнинг 24 та вилоятида жами 201 киши ҳалок бўлиб, 747 киши яраланган. Хусусан, Эрон жанубидаги Миноб шаҳрида жойлашган қизлар мактабига зарба берилиши оқибатида қарийб 150 киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Бугунги янгиликлар