«Болоня» клуби «Интер»нинг собиқ ҳимоячиси Маттео Дармианни ўз сафига қўшиб олишга қарор қилди.
Инсайдер Николо Скиранинг хабар беришича, италиялик 36 ёшли футболчи яқин соатлар ичида янги жамоаси билан 2027 йилнинг ёзига қадар шартнома имзолайди. Маттео «Болоня»га эркин агент мақомида келиб қўшилади.
Қайд этилишича, Дармиан тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди ва Кастелдебольода жамоа билан машғулот ҳам ўтказди. Томонларнинг ўзаро келишувида шартномани яна бир йилга узайтириш имконияти бўлади.
Футболчи «Болоня»да йилига тахминан 800 минг евро маош олади ва бунга қўшимча бонуслар ҳам қўшилади.
Эслатиб ўтамиз, Маттео бунга қадар олти мавсум давомида «Интер» шарафини ҳимоя қилди. Бу вақт давомида миланликлар сафида барча турнирлар доирасида 218 та учрашувда майдонга тушиб, 13 та гол урган.