«Манчестер Сити» ва Испания миллий жамоаси яримҳимоячиси Родри собиқ бош мураббийи Ҳосеп Гвардиола билан бирга ишлаган даврни ёдга олди. УЕФА Чемпионлар Лигасидаги ғалаба фаолиятидаги энг муҳим паллалардан бири бўлганини таъкидлади.
«Чемпионлар Лигаси клуб учун қанчалик аҳамиятли эканлиги ва ўша унутилмас гол мен учун нақадар қадрлилигини инобатга олсак — бу ўзгача кун эди. Бироқ мен бутун жамоани таъкидлашни истардим. Бир неча йиллардан буён турли сабаблар, қийинчиликлар туфайли совринни қўлга кирита олмасдик. Ваҳоланки, назаримда, биз унга аввалроқ етишга лойиқ бўлганмиз. Шуларга қарамай, қийинчиликларни енгишга қодир жамоамиз бор эди. Ёдимда, ўшанда Пеп билан бу қанчалик қийин бўлгани ҳақида гаплашгандик. Чинакамига бахтли онлар эди.
[Гвардиоланинг таъсири] энг аввало спортда. Яққол ажралиб турувчи характерга, кучли спортча курашувчан руҳиятга эга инсондан сиз футболдан ташқарида ҳам кўп нарсани ўрганишингиз мумкин. Ва албатта, одамгарчилик томондан — маълум вазиятларда. Келишмовчиликлар, хурсандчиликлар, шундай паллалар бўладики, мураббийнинг қарори сизга тўғридек кўринади, аммо баъзи ҳолларда бунинг акси ҳам кузатилади. Умуман олганда эса у сиздан максимум фойда чиқаришга уринади. У доимо жамоа манфаатини биринчи ўринга қўяди. У инсон сифатида тўғри фурсатни топа олади: кетганларни, орамизда йўқларни хотирасида авайлаб сақлайди — жамоани тарк этган ўйинчиларни эслаб туради. Шу жиҳатларнинг ўзи у ҳақида кўп нарсани айтиб турибди. У менинг фаолиятимдаги алоҳида ўринга эга инсон», — дея Родри сўзларини келтиради AS.
Эслатиб ўтамиз, УЕФА Лигу чемпионов 2022/2023-йилги мавсуми финал баҳсида «Манчестер Сити» Миланнинг «Интер» жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этган. Родри ўша ўйинда «шаҳарликлар»нинг ягона голига муаллифлик қилган.