«Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ришарлисон Лондон клубидаги вазиятни танқид қилган Дункан Фергюсоннинг фикрларини очиқ қўллаб-қувватлади. «Эвертон» собиқ ҳужумчиси аввалроқ бразилиялик футболчининг жамоада четлатилгани билан боғлиқ қарор тўғрилигига шубҳа билдирганди.
Ришарлисон август ойида «Брентфорд»га қарши 0:3 ҳисобидаги мағлубиятдан бери асосий жамоа сафида майдонга тушмади. Ёзги трансфер ойнасида бошқа клубга ўтишга бўлган уринишлари самара бермагач, ҳужумчи Премер-лиганинг ушбу мавсуми учун «Тоттенҳэм» аризасига киритилмади.
Бир вақтлар Ришарлисон билан мураббий сифатида ишлаган Фергюсон вазиятга муносабат билдирар экан, футболчини қўллаб-қувватлаш ва жамоага қайтишига ёрдам бериш кераклигини таъкидлади.
«Тоттенҳэм» мураббийи нима қилганини билмайман. Улар ўртасида жиддий можаро бўлганми, бундан ҳам бехабарман. Ришини яхши билганим учун бундай ҳолат юз берган бўлиши ҳам мумкин. Аммо уни қўллаб-қувватлаш ва жамоага қайтишига ёрдам бериш керак», — деди Фергюсон Overlap Daily подкастида.
Ришарлисон бунга жавобан ижтимоий тармоқларда: «Раҳмат, Дункан, сен ҳақсан», — деб ёзди.
Маълумот учун, «Тоттенҳэм» бош мураббийи Роберто Де Зерби Ришарлисонни жамоа аризасидан чиқариш қарорини ўзи қабул қилмаганини айтиб, саволларни клуб раҳбариятига йўналтирди.