Эрве Ренар Тунис миллий жамоаси бош мураббийлигидан кетганини расман маълум қилди.
Франциялик мутахассис ЖЧ-2026даги муваффақиятсиз иштирокдан сўнг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали жамоа билан хайрлашди.
«Кетишдан олдин менга ЖЧ-2026да ишлаш имкониятини бергани учун федерацияга самимий миннатдорлик билдираман. Тунис шарафини ҳимоя қилиш ва бу унутилмас тажрибани бошдан кечириш мен учун катта фахр бўлди.
Тунис миллий жамоасига келгусида улкан муваффақиятлар тилайман. Ишонаманки, жамоа ривожланишда давом этади, бутун мамлакатни хурсанд қилади ва ўз тарихига яна ёрқин саҳифаларни ёзади.
Ушбу йўлда мен билан бирга бўлган барчага раҳмат. Саргузаштим шу ерда якунланди», — деди Ренар.
Эслатиб ўтамиз, Эрве Ренар Тунис миллий жамоаси бошқарувига ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг 1-туридан кейин, жамоа Швецияга 1:5 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг тайинланганди. Тунис гуруҳ босқичидаёқ мундиал билан хайрлашди.
Маълумот учун, Ренар фаолияти давомида Замбия, Ангола, Кот-д'Ивуар ва Марокаш миллий жамоаларини ҳам бошқарган.