Франция футболи афсонаси Тьерри Анри ЖЧ-2026 1/8 финалида Аргентина миллий жамоасига қарши баҳсда (2:3) мағлуб бўлган Кабо-Верде миллий жамоаси ўйинига юқори баҳо берди.
«Мен ўрнимдан туриб Кабо-Вердега қарсак чалишга тайёрман, чунки бугун ҳамма эътибор айнан уларда эди. Кичик орол, аммо улкан орзулар... Улар футбол гигантини деярли мусобақадан чиқариб юборишди. Бу йигитлар ҳақиқий қаҳрамонлар. Улар ўз юртининг қаҳрамонлари ва юлдузларига айланди.
Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак — улар турнир давомида асосий вақтда бирорта ҳам учрашувда мағлуб бўлишмади. Бу сафар ҳам муваффақиятга жуда яқин келишди.
Очиғи, ҳозир ўйин натижаси мен учун муҳим эмас. Ўйлайманки, аргентиналиклар ҳам худди шундай ҳис қилган. Улар ғалабани тантана қилишмади, шунчаки кейинги босқичга чиққанидан хурсанд бўлишди.
Бу ҳикоя Кабо-Верденики эди, шундай бўлиб қолади ҳам. Бугун яна бир бор исботланди: агар ўзингизга ишонсангиз, ҳамма нарса мумкин. Ҳа, улар мағлуб бўлди. Аммо барчамизнинг қалбимизни забт этди. Бу шунчаки сеҳрли эди», — деди Анри.
Эслатиб ўтамиз, Кабо-Верде миллий жамоаси ЖЧ-2026 1/8 финалида Аргентина миллий жамоасига қўшимча бўлимларда 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, турнир билан хайрлашди.
Маълумот учун, Кабо-Верде мундиалдаги барча учрашувларда асосий вақтда мағлуб бўлмади. Жамоа турнирнинг энг катта сенсацияларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.