Патрик Виейра Сенегал миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу 50 ёшли мутахассиснинг терма жамоа даражасидаги илк иши бўлади.
Футбол инсайдери Фабрицио Романо маълумотига кўра, Виейра Сенегал футбол федерацияси билан келишувни имзолаган ва жамоадаги янги лойиҳани дарҳол бошлайди. Тайинлов Сенегал футбол федерацияси томонидан ҳам тасдиқланган.
Дакарда туғилган Виейра футболчилик фаолиятининг асосий қисмини Франция терма жамоасида ўтказган. У 1998 йилги Жаҳон чемпионати ва 2000 йилги Европа чемпионатида ғолиб чиққан. Шунингдек, “Арсенал”да узоқ йиллар тўп суриб, жамоа сардори сифатида 2003/04 йилги мағлубиятсиз чемпионлик мавсумини ўтказган.
Мураббий сифатида эса Виейра “Ню-Йорк Сити”, “Ницца”, “Кристал Пэлас”, “Страсбург” ва “Женоа” клубларида ишлаган. Унинг сўнгги иш жойи “Женоа” бўлган.
Виейра Сенегал терма жамоасида Пап Тиав ўрнини эгаллади. Энди у Жаҳон чемпионатидан кейин янги босқичга қадам қўяётган жамоани бошқаради.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади