Қозоғистонлик таниқли мутахассис Мирзағали Айтжанов Ўзбекистон бокс миллий жамоаси бош мураббийлигига таклиф этилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
«Бу таклиф Ўзбекистондан эмас. Лекин кўплаб мамлакатлар мени бирга ишлашга, боксни ривожлантиришга ёрдам беришга таклиф қилмоқда.
Улар орасида Хитой, Туркия ва Ҳиндистон ҳам бор. Бу давлатлар 2028 йил Лос-Анжелесдаги Олимпиадага боксчиларини тайёрлашда ёрдам беришимни исташмоқда.
Расмий хатлар ҳам, музокаралар ҳам бор. Бироқ мен учун Ватанимдан, шогирдларимдан ажралиш осон эмас.
Озарбайжондан ҳам таклиф бўлган, аммо барчасига рад жавобини бердим. Мен ўз олдимга қўйган Олимпия чемпионини тарбиялашдек мақсадимга эришмоқчиман», — деди Айтжанов «ADILET TV» YouTube каналидаги подкастда.
Мирзағали Айтжанов ким?
Мутахассис Қозоғистон бокси тарихидаги энг муваффақиятли мураббийлардан бири ҳисобланади. У 2009–2018 йилларда Қозоғистон миллий жамоасини бошқарган.
Айтжанов бошчилигида Қозоғистон терма жамоаси 2013 ва 2017 йилги жаҳон чемпионатларида жами 5 та олтин медални қўлга киритган. Шунингдек, у Олимпиада бронза медали совриндори ва жаҳон чемпиони Сакен Бибосиновнинг шахсий мураббийи ҳисобланади.
Қозоғистон ва Ўзбекистон рақобати давом этмоқда
Қозоғистон ва Ўзбекистон миллий жамоалари ҳаваскорлар боксида дунёнинг энг кучли терма жамоалари қаторига киради.
Яқинда бўлиб ўтган U-23 ёш тоифасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида Қозоғистондан устун келди. Ўзбекистон миллий жамоаси 10 та вазн тоифасида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.