«Нюкасл» ёзги трансферлар ойнасидаги илк йирик трансферини якунлаш арафасида турибди.
Гап Франциянинг «Реймс» клуби дарвозабони Эвен Жауен ҳақида кетмоқда. Аввалроқ 20 ёшли посбон учун 24 миллион фунт стерлинг талаб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Бироқ «қарғалар» музокаралар давомида трансфер суммасини сезиларли даражада камайтиришга муваффақ бўлди. Журналист Крейг Ҳоуп маълумотига кўра, битим қиймати 18,65 миллион фунт стерлингни ташкил этади. Шу тариқа «Нюкасл» дастлабки нархдан қарийб 6 миллион фунт тежаб қолган.
Ҳозирда футболчи тиббий кўрикдан ўтиш учун Англияга етиб келган ва трансфернинг расман эълон қилиниши кутилмоқда.
Қайд этилишича, Эвен Жауен дарҳол асосий таркиб дарвозабони сифатида эмас, балки катта салоҳиятга эга истиқболли лойиҳа сифатида кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Нюкасл» сўнгги йилларда қиммат юлдузларни сотиб олиш билан бир қаторда ёш ва истеъдодли футболчиларга ҳам эътибор қаратишни бошлаган.