Бугун
23
Ўзбек

Неймар футболдаги вақт чўзишга қарши янги қоиданинг илк қурбони

Футбол
17 август, 07:50
“Сантос” дарвозабонини вақтни чўзаяпти деб ҳисоблаган ҳакам сардор Неймарни бир дақиқага майдондан чиқариб юборди.
Неймар футболдаги вақт чўзишга қарши янги қоиданинг илк қурбони
Foto: Goal.com

Неймар Бразилия чемпионатида жорий этилган вақт чўзишга қарши қаратилган янги қоида туфайли майдонни бир дақиқага тарк этган илк футболчи бўлди.

Бразилия чемпионатининг 23-турида “Сантос” сафарда “Васко да Гама”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Сан-Паулу клуби сўнгги 20 дақиқада учта гол уриб, муҳим ғалабага эришди. Голларга Габриэл Барбоза, Виллиан Арао ва Луан Перес муаллифлик қилди.

Неймар учрашувни тўлиқ ўтказиб, жамоасининг сўнгги икки голида бевосита иштирок этди. Аввалига унинг жарима майдонига узатган тўпи Виллиан Араонинг голи билан якунланди. Кейин эса Неймарнинг жарима зарбасидан кейин “Васко да Гама” дарвозабони тўпни қайтарди ва Луан Перес ҳисобни 3:0 қилди.

Бироқ учрашувда Неймар билан боғлиқ энг қизиқ воқеа майдондаги ҳаракатлари эмас, янги қоида туфайли бир дақиқага четлатилгани бўлди.

“Сантос” дарвозабони Габриэл Бразао тиббий ёрдам сўраб, шифокорлар майдонга кирди. Ҳакам эса вазиятни вақт чўзишга уриниш сифатида баҳолади. Янги қоидага кўра, дарвозабонга тиббий ёрдам кўрсатилганда жамоа мураббийи майдондаги футболчилардан бирини вақтинча чиқариши керак. Агар 10 сония ичида футболчи танланмаса, жамоа сардори майдонни тарк этади. Шу тариқа “Сантос” сардори Неймар бир дақиқага четга чиқди.

Қоида 2026 йилги Жаҳон чемпионатида қўлланила бошланган майдонда вақтни сўзишга қарши чоралар доирасида Бразилия чемпионатига ҳам татбиқ этилмоқда. Унинг мақсади жароҳатлардан кейин тиббий ёрдам баҳонасида вақт чўзилишининг олдини олишдир.

Бироқ қоидадан бир қатор истиснолар бор. Жумладан, дарвозабон жарима зарбасига сабаб бўлган қоидабузарлик оқибатида жароҳат олса, дарвозабон ва майдондаги футболчи тўқнашиб, иккаласига ҳам тиббий ёрдам зарур бўлса ёки футболчидан қон кетаётган бўлса, бир дақиқалик четлатиш қўлланмайди.

“Сантос” эса ғалаба орқали 22 ўйиндан кейин 25 очко жамғариб, Бразилия чемпионатида қуйи лига зонасидан чиқди. Неймар бошчилигидаги жамоа мавсумни Кубок ва Жанубий Америка мусобақаларида ҳам давом эттирмоқда.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Сантос Сантос
  • Васко да Гама Васко да Гама
  • Бразилия А серияси Бразилия А серияси
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

5 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар