2026 йилги жаҳон чемпионати хавф остида қолмоқда.
Турнирга Мексика, АҚШ ва Канада мезбонлик қилиши керак эди. Бироқ Мексикада бошланган жиддий ички муаммолар айрим ўйинларни кўчиришга сабаб бўлиши мумкин.
Маълум қилинишича, мамлакатнинг бир нечта шаҳрида жиноий гуруҳ етакчиларидан бири ўлдирилганидан сўнг картеллар уруши бошланган. Картелларнинг жанговар гуруҳлари эса профессионал ҳарбийлар ва хусусий ҳарбий ташкилотлар ёлланма аскарларидан иборат. Шу боис хавф даражаси ҳам, жанговар ҳаракатлар кўлами ҳам юқори ҳисобланмоқда.
Жиноий картеллар ўртасидаги зиддиятларга Мексика армияси ҳам аралашган. Мамлакатда маҳаллий чемпионат ўйинлари аллақачон бекор қилинган.
2026 йилги жаҳон чемпионатида мухлислар хавфсизлиги масаласи эса очиқ қолмоқда. Шу сабабли турнирнинг айрим баҳслари хавфсиз ҳудудларга кўчирилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоасининг гуруҳ босқич илк туридаги Колумбияга қарши ўйини айнан Мексикада бўлиб ўтиши кўзда тутилганди. Беллашувга пойтахт Мехикодаги Estadio Azteca ўйингоҳи мезбонлик қилиши режалаштирилган.