«Барселона» президенти Жоан Лапорта Парижнинг «ПСЖ» клуби Ламин Ямални сотиб олиш учун рекорд миқдорда таклиф билан чиққанини маълум қилди.
«Бу мен фахрланадиган ишлардан бири: «ПСЖ» Ямал учун 250 миллион евро таклиф қилган, аммо биз рад жавобини бердик. Унинг шартномаси 2030 йилгача амал қилади», — деди Лапорта клуб президентлиги учун дебатлар чоғида.
Лапортанинг айтишича, ушбу таклиф тахминан икки йил аввал, футболчи 17 ёшда бўлган пайтда келиб тушган.
Ҳозирга қадар Ямал «Барселона» сафида барча мусобақаларни ҳисобга олганда 142 та баҳсда майдонга тушган. Унинг ҳисобида 44 та гол ва 49 та голли узатма бор.