Live
4
Ўзбек

Котрина Кулбите: «Ўзбекистон халқаро майдонда муносиб ўринга эга эканини исботламоқчимиз»

Футбол
25 ноябр, 13:56
Кулбите FIFA расмий сайтига махсус интервю берди.
Котрина Кулбите: «Ўзбекистон халқаро майдонда муносиб ўринга эга эканини исботламоқчимиз»
Фото: ЎФА

Ўзбекистон аёллар миллий жамоаси бош мураббийи Котрина Кулбите FIFA расмий сайтига махсус интервю берди.

Литвалик мутахассис суҳбат давомида 2027 йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралашидан кўзланган мақсадлар, Бразилия билан боғлиқ хотиралари ҳамда янги авлодни футболга руҳлантириш ҳақида гапирди.

Ўзбекистон миллий жамоаси 28 ноябрдан 5 декабрга қадар Марокаш пойтахти Работ шаҳрида ўтказиладиган қитъалараро плей-офф босқичида Папуа — Янги Гвинея, Гана ва Жанубий Африка Республикаси миллий жамоаларига қарши майдонга тушади. Ушбу босқичда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоа кейинги босқичга йўл олади.

33 ёшли мураббий Бразилия билан боғлиқ шахсий хотиралари орқали муваффақият сари интилишда тақдирнинг ўрнини эслади ва руҳий тайёргарликнинг аҳамиятини таъкидлади. Унинг фикрича, жаҳон чемпионатига йўлланма олиш Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини исботлайди, янги авлодни руҳлантиради ва аёллар футболига инвестициялар жалб этилишига хизмат қилади.

Баъзан Котрина Кулбите содир бўлаётган воқеаларни тақдир билан боғлайди. Гўё қандайдир куч уни мураббийлик фаолиятининг муҳим йилларини ўтказган мамлакатга қайта чорлаётгандек.

2018–2020 йилларда литвалик мутахассис мураббийлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида Бразилияга йўл олган эди. Энди эса у Ўзбекистон терма жамоасини айнан Бразилияда ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш имкониятига эга. Мураббийнинг таъкидлашича, у бу ҳақда кўп бор орзу қилган.

«Пандемия бошлангунига қадар Сан-Паулу шаҳрида икки йил яшадим. Футбол соҳасида фаолият юритдим ва индивидуал машғулотлар олиб бордим. Ўша даврда португал тилини ўргандим. Бразилиянинг маданияти, одамлари ва мамлакатнинг ўзи менга жуда ёқади.

Жаҳон чемпионати Бразилияда ўтказилади. Бу мамлакат аёллар футболи учун жуда катта аҳамиятга эга. Ўйлайманки, барча мураббий ва футболчилар Марта каби футболчиларнинг фаолиятини кузатиб борган ҳамда Бразилиянинг аёллар футболидаги ўрнини яхши билади.

Ўша пайтда нима сабабдан бўлишини билмасам-да, бу мамлакатга албатта қайтишимни айтгандим. Балки дам олиш, балки ишлаш учун қайтарман, деб ўйлардим. Чунки бу ажойиб мамлакат. Энди эса Ўзбекистон терма жамоаси билан Бразилиядаги Жаҳон чемпионатига бориш имконияти пайдо бўлди. Балки бу тақдирдир», — деди Кулбите.

Жорий йилги Осиё кубогида Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишга жуда яқин келган Ўзбекистон терма жамоасида энди қитъалараро плей-офф орқали ушбу мақсадга эришиш учун иккинчи имконият мавжуд.

Саралашнинг дастлабки босқичида олтита терма жамоа иштирок этади. Якунда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар келаси йили ўтказиладиган ҳал қилувчи босқичга йўл олади.

Ўзбекистон 28 ноябрдан 5 декабрга қадар Работ шаҳрида Папуа — Янги Гвинея, Гана ва Жанубий Африка Республикаси терма жамоаларига қарши майдонга тушади. Бир ҳафта, учта учрашув ва Ўзбекистон аёллар жамоасининг тарихда илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этиши сари муҳим қадам ташлаш имконияти. Кулбитенинг фикрича, бу вазифани бажаришда руҳий тайёргарлик ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.

«Ўйлайманки, руҳий тайёргарлик жуда катта аҳамиятга эга. Осиё кубогида Филиппинга қарши учрашувда Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олиш имкониятига эга эдик. Жамоамиз узоқ вақт давомида бундай муҳим учрашувларда иштирок этмагани бизга муайян қийинчиликларни келтириб чиқарди. Барча нарса битта ўйинга боғлиқ бўлган вазиятда босимни енгиб ўтиш ҳар доим ҳам осон эмас.

Бироқ сўнгги бир йил давомида кучли терма жамоаларга қарши ўйнаб, катта тажриба тўпладик. Масалан, Осиё ўйинларида Хитой терма жамоаси билан дуранг ўйнадик. Албатта, бундай мусобақалар осон кечмайди. Аммо Жаҳон чемпионати саралашининг дастлабки босқичида муносиб иштирок этишга тайёрмиз, деб ўйлайман».

Француз тилини ўзи истаган даражада билмаслигини тан олган Кулбите ҳақиқий полиглот ҳисобланади. У литва, португал, инглиз ва рус тилларида эркин сўзлаша олади, шунингдек, испан тилини ҳам мукаммал ўзлаштириш арафасида. Йилнинг катта қисмини Ўзбекистонда ўтказаётган мутахассис ўзбек тилини ҳам ўрганмоқда.

Футзал бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилганига икки йил, эркаклар миллий жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги тарихий иштирокидан ярим йил ўтган ва U-20 Жаҳон чемпионатига ҳамкорликда мезбонлик қилишига бир йил қолган Ўзбекистонда футболнинг барча йўналишлари учун муҳим давр кечмоқда.

Энди эса Кулбите ва асосан мамлакат ички чемпионатида тўп сураётган футболчилар олдида Ўзбекистон футболи тарихида яна бир янги саҳифа очиш вазифаси турибди.

«Агар Жаҳон чемпионатига йўлланма олсак, бу бутун мамлакат ва аёллар футболи учун улкан воқеа бўлади. Айниқса, эркаклар миллий терма жамоаси ҳам яқинда тарихда илк бор бундай натижага эришганини ҳисобга олсак.

Ўзбекистон аёллар футболидаги энг йирик мусобақада илк бор иштирок этса, бу мамлакатимизнинг жаҳон миқёсида эътироф этилишини англатади. Биз дунёнинг энг кучли терма жамоалари билан рақобатлашиш имкониятига эга бўламиз.

Бу янги авлодни руҳлантиради. Кўпроқ қизлар футбол уларнинг келажагига айланиши мумкинлигига ишона бошлайди. Шунингдек, бу аёллар футболига кўпроқ инвестиция жалб этилиши, инфратузилманинг яхшиланиши ва профессионал имкониятларнинг кенгайишига хизмат қилиши мумкин.

Бу миллий ғурур туйғусини ҳам янада кучайтиради. Биз нафақат ўз жамоамиз, балки бутун мамлакат шарафини ҳимоя қиламиз ва янги мезонларни белгилаймиз. Ўзбекистон халқаро майдонда муносиб ўринга эга эканини исботламоқчимиз. Шу боис бу натижа нафақат жамоамизнинг ҳар бир аъзоси, балки бутун мамлакат учун улкан аҳамиятга эга бўлади».

Бокс мураббийи оиласида улғайган 33 ёшли Кулбитеда қатъият ва матонат болалигидан шаклланган. У айрим шогирдлари билан деярли тенгдош ҳисобланади.

Мутахассис ўзбекистонлик иқтидорли футболчиларнинг янги авлодида ҳам жаҳон майдонига қўрқмасдан чиқиш ва ўз имкониятларини бутун дунёга намойиш этишга бўлган кучли иштиёқни кўрмоқда.

«Мен Литванинг кичик шаҳарларидан бирида улғайганман. Отам эса Европа ва жаҳон миқёсидаги энг нуфузли мусобақаларда иштирок этган спортчиларга мураббийлик қилган. Отамдан ўрнак олганим шахс ва мураббий сифатида шаклланишимда катта аҳамият касб этган.

Ҳозир Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийиман. Ишонч билан айта оламанки, ушбу ажойиб футболчилар билан ишлаш фаолиятимнинг энг завқли даври бўлмоқда.

Бугун Ўзбекистонда ҳамма футбол билан нафас олмоқда. Маданият, анъаналар ва дин билан боғлиқ айрим жиҳатларни тушунишимиз зарур бўлса-да, тобора кўпроқ ёш қизлар футбол билан шуғулланаётганини кўряпмиз. Биз ҳозир катта суръат билан олдинга силжияпмиз. Энди шу суръатни сақлаб қолишимиз, мавжуд иштиёқдан унумли фойдаланиб, олдинга интилишимиз керак.

Ўзимизга ишонишимиз зарур. Агар майдонда ўз вазифаларимизни тўлиқ бажарсак, саралашнинг ҳал қилувчи босқичига йўл олиш учун, албатта, имкониятимиз бўлади», — деди Котрина Кулбите.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Ўзбекистон
Бугунги янгиликлар