Бугун
215
Ўзбек

Камолиддин Тожиев: «Ўйин тўлиқ назоратимизда ўтди»

Эксклюзив
5 сентябр, 01:53
«Пахтакор» бош мураббийи «Андижон»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Камолиддин Тожиев: «Ўйин тўлиқ назоратимизда ўтди»
Фото: Пахтакор ПФК

«Пахтакор» ўз уйида «Андижон»ни ишончли ҳисобда таслим қилди ва ўйиндан кейин мезбонлар устози Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ассалому алайкум. Ўйин ҳақида келадиган бўлсак, учрашувни тўлиқ ўз қўлимизда ўтказдик — биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам. Вазиятлар яратдик ва имкониятларимиз гол билан якунланди, гол урдик. Ундан олдинги ўйинларда вазият яратиб, гол ура олмай турган эдик, бу сафар эса яратилган вазиятлардан гол урдик ва ғалаба қозондик. Йигитларга ҳам ҳар доимгидек раҳмат дейман. Бизда фидойилик охиригача бўлди, курашишди ва ғалаба қозондик.

⸻ Ҳисоб 3:0, рақиб бир футболчи кам қолди. Захирадан майдонга адашмасам битта ёш ўйинчи тушди...

- Улар ҳам ёшлар лигасида жуда қийин ўйин ўтказишди. Ўзи жами ўн битта одамимиз бор. U-21 да ҳам улар кеча 1:2 ютқазиб турган пайтда, охири 3:2 ютишди. Ўшанда ҳам улар жуда кўп куч йўқотди. Сардор иккита гол урганига, ундан олдин ҳам гол урганди, ўшанга Сардорга имконият бердик. Улар ҳам кеча кўп куч йўқотди. Кўплаб йигитлар ёшлар миллий жамоасига кетишган эди.

- «Нефтчи»га қарши ўйин Камолиддин Тожиев учун охирги имконият дейилганди. Лекин сиз ҳали ҳам жамоани бошқаряпсиз. Умуман олганда, ҳозирги ҳолатда ишлаш қанчалик қийин бўлди? Ўша гаплар тўғрими эди?

- Ўтган сафар ҳам айтдим, бунақа гап йўқ, раҳбариятдан ҳам, ҳеч қаердан бундай гап бўлгани йўқ. Билмайман, ким буни қаердан чиқарди, ундай гап йўқ эди. Жамоа ютқазмаяпти-да. Тўғри дуранг ўйнаб қўйяпмиз, ҳали ҳам чемпионлик учун курашяпмиз. Билмайман, қаердан бу гап чиқди.

- Ўзингиз учун ишлаш қандай бўляпти? Бу гаплар ҳозир таъсир қилмайдими, босим борми?

- Ҳамма нарсага аҳамият бераверса, қийин бўлади.

- Ўқимайсизми, медиани?

- Ўқиймиз. Лекин биз фақат жамоага, кейинги ўйинга тайёргарликка эътибор қаратиб, ўшанинг устида ишлаймиз.

- Муҳаммадрасул Абдумaжидов трансфери бўйича. Ўшанда ҳам асосий айбдор деб Камолиддин Тожиев кўрсатилди. Аслида нима бўлди, ростдан клуб уни қўйиб юборишни истамаганмиди?
- Биринчидан, клубга расмий хат келгани йўқ эди.
Клуб ҳам буни ёзиб чиқди — расмий хат келмади, фақат агентидан хат келди. Иккинчидан, Расулнинг ўзи ҳам жамоани ҳозир ташлаб кетишни хоҳламади, «Мен қоламан», деди. Учинчидан, у январда аллақачон шартнома имзолаб бўлган ва «Брест»га кетади, бир йилга ижарага.

- Демак, қишда аниқ кетади ҳозирги пайтда?

- Ҳа, январда аниқ кетади, бир йилга.

- Ироқ «Пахтакор» трансляцияларни харид қилган. Шундан кейин ироқлик футболчиларда сермаҳсуллик ошяпти. Бу тасодифми ёки...

- Уларга ҳам айтаман: «Сизларни Ироқда ҳам кўрсатишяпти, чиқиб яхши ўйнашларинг, ўзингизни кўрсатишларинг ва жамоага ёрдам беришларинг керак», деб. Бундан олдин Башар ҳам гол урарди, Зайд ҳам гол урган.

- Камолиддин ака, сизни ва «Пахтакор» раҳбариятининг қарорларини танқид қилаётганлар бор: Ҳамралиев, Холматов, Азмиддинов каби футболчиларни бериб юборди, эронлик эса жароҳат олиб қолди. Нега уларни қўйиб юбориб, Абдумажидовни қўйиб юбормади, дейишяпти...

- Бизнинг трансфер ойнамиз ёпилгандан кейин чиқишди. Ундан олдин расмий хат билан чиққанида биз ҳеч қачон ушлаб ўтирмаймиз. Биз ҳар доим қўйиб юборамиз. Ўтган йили ҳам Муҳаммадрасулни мавсум ўртасида Белгияга қўйиб юборгандик. Шунчаки, бу сафар шундай вазиятга тушиб қолдики, трансфер ойнаси ёпилиб бўлган эди. Ундан олдин айтишганда, биз Ҳамралиевни қўйиб юбормасдик, Азмиддинов бор эди, уни бемалол қўйиб юборардик. Бунга расмий хат керак, клубга расман мурожаат қилиш керак.

- Владимир Назаров миллий жамоага бориб юрадиган дарвозабон эди. Менимча, ўша «Нефтчи»га қарши Суперкубокдаги хатосидан кейин анча ўйнамай қўйди. Адашмасам, май ойидан бери ўйнамаяпти. Шу ҳақида нима дейсиз?

- Унга ҳам имконият берамиз. У ҳам машғулотларда ишлаяпти, хафагарчилиги йўқ. Ишлаяпти, кутяпти. Биз ҳам уни кўряпмиз ва унга имконият берамиз, у ҳам ўйнайди. Ҳали ўйинларимиз кўп.

- Клуб раҳбари Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор»да қоладиган бўлдими ёки кетадими? Ҳали расмий хабар чиқмади.

- Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳали ҳам биз билан клубда, ҳамма жойда биргамиз. Гапиришяпти кетди деб, лекин расман кетганлари йўқ, ҳамон клубда.

- «Нефтчи» — «Насаф» ўйини натижасини билиб турганмидингиз?

- Йўқ, фақат биринчи бўлимдан кейинги ҳисобни билдим. Бизнинг олдимизда ўз ўйинимиз турибди, ўзимизнинг ўйинларимизни ютсак бўлди.

- «Насаф»дан шундай ғалабани кутганмидингиз?

- Йўқ, кутмагандик», - дея Тожиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Бугунги янгиликлар