Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 3–13 сентябр кунлари Ҳиндистоннинг Бенгалуру шаҳрида ўтказиладиган Tech Mahindra Global Chess League’нинг тўртинчи мавсумида иштирок этади. Мусобақада Магнус Карлсен, Вишванатан Ананд, Алиреза Фирузжа, Ян Непомнящий, Максим Вашье-Лаграв каби жаҳон шахматининг етакчилари ҳам қатнашади. У учун мусобақа Самарқанддаги Шахмат Олимпиадаси ва жаҳон чемпионлиги учун Гукешга қарши баҳс олдидан муҳим тайёргарлик босқичи бўлади.
Синдаров FYERS American Gambits жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Ўзбекистонлик шахматчи Global Chess League тарихида илк бор жамоанинг энг асосий тахтаси — Icon board’да ўйнайди. У аввалги уч мавсумда UpGrad Mumba Masters, Triveni Continental Kings ва Ganges Grandmasters таркибида иштирок этган.
20 ёшли гроссмейстер учун Бенгалурудаги мусобақа оддий турнирлардан бири эмас. Синдаров сентябр ойида Самарқандда ўтказиладиган Шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида иштирок этади. Кейин эса амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешга қарши жаҳон чемпионлиги унвони учун баҳсда иштирок этади.
Шу жиҳатдан Синдаровнинг мусобақаларда мунтазам қатнашиб, дунёнинг энг кучли шахматчиларига қарши ўйнаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Гукеш эса жаҳон чемпионлиги баҳсига тайёргарлик даврида Global Chess League ва Grand Chess Tour мусобақаларида иштирок этмасликни маъқул кўрган.
Синдаров бу икки хил ёндашувни The Indian Express нашрига берган интервюсида изоҳлади.
“Мен фақат шу йил топ-шахматчига айландим. Рейтингим 2700 дан юқори бўлган, аммо бу ҳали топ-шахматчи бўлиш билан бир хил эмас. Гукеш эса уч йилдан ортиқ вақтдан бери жаҳоннинг кучли ўнталигида. Шунинг учун унинг энг кучли шахматчиларга қарши ўйнаш тажрибаси менинг тажрибамдан анча кўп”, — деди Синдаров.
Ўзбекистонлик шахматчи шу сабабли юқори даражадаги мусобақаларда ўйнаш учун ҳар бир имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилаётганини айтди.
“Топ-шахматчиларга қарши ўйнаш менга ёқади. Жаҳон чемпионлиги учун баҳс олдидан юқори даражадаги турнирларда ўзимни янада эркин ҳис қилишни хоҳлайман. Шунинг учун ҳам шунчалик кўп ўйнаяпман”, — деди у.
Синдаровнинг сўнгги ойлардаги тақвими ҳам бу ёндашувни тасдиқлайди. У Гоа, Мумбай, Доҳa, Вейк-ан-Зее, Кипр, Варшава, Бухарест, Ҳонгконг, Шарлотт, Майами ва Сент-Луисда мусобақаларда иштирок этди. Энди навбат Бенгалуруга.
Global Chess League қандай ўтказилади?
Global Chess League — FIDE ва Ҳиндистоннинг Tech Mahindra компанияси ҳамкорлигида ўтказиладиган франшизали шахмат лигаси. Мусобақанинг бошқа турнирлардан асосий фарқи шундаки, унда шахматчилар индивидуал эмас, клублар таркибида жамоавий баҳс олиб боради.
Бу йил мусобақада олтита франшиза иштирок этади. Ҳар бир жамоа олти нафар шахматчидан иборат:
- битта Icon — жамоа етакчиси;
- икки нафар Superstar Men;
- икки нафар Superstar Women;
- бир нафар Prodigy — ёш шахматчи.
Эркаклар ва аёллар битта жамоа таркибида ўйнайди. Бир жамоавий учрашувда олтита партия бир вақтнинг ўзида ўтказилади.
Лиганинг яна бир ўзига хос жиҳати — очколар тизими. Қора доналар билан ғалаба жамоага 4 очко, оқ доналар билан ғалаба 3 очко беради. Дуранг учун эса ҳар икки шахматчига 1 очкодан берилади.
Жамоавий баҳсда олти тахта бўйича кўпроқ очко тўплаган клуб 3 жамоавий очко олади. Ҳисоб тенг бўлса, ҳар икки жамоага 1 очкодан ёзилади.
Ҳар бир партия учун 20 дақиқа вақт берилади. 40-юришдан кейин ҳар бир юриш учун 2 сониядан қўшиб борилади. Шунинг учун GCLда шахматчилардан нафақат ўз партияси, балки бутун жамоавий баҳсдаги вазиятни ҳисобга олиш талаб этилади.
Синдаров ҳам форматнинг ўзига хослигини таъкидлаган.
“Жамоавий турнирларда қачон таваккал қилиш, қачон эса хотиржамроқ ўйнаш кераклигини тушунасан. Аммо GCL мутлақо бошқача турнир. Бу ерда олтита тахта, бошқача вақт назорати ва мутлақо ўзгача очколар тизими бор”, — деди у.
Синдаровнинг жамоаси
FYERS American Gambits таркибида Синдаровдан ташқари Даниил Дубов, Ниҳал Сарин, Бибисора Асаубаева, Сарасадат Ҳодем ва Марк-Андриа Морицци иштирок этади. Жамоага Шринат Нараянан мураббийлик қилади.
Синдаровнинг Icon мақомига кўтарилиши унинг сўнгги бир йилдаги ўсишини ҳам кўрсатади. У ўтган мавсумда Ganges Grandmasters таркибида Superstar тахтасида ўйлаб, лиганинг энг сермаҳсул шахматчиларидан бири бўлган. 24 очко жамғарган Синдаров еттита ғалабага эришган.
Энди эса унинг олдида янада катта вазифа турибди — жамоанинг биринчи тахтасида дунёнинг энг кучли шахматчиларига қарши баҳс олиб бориш.
Карлсен, Ананд ва Фирузжа ҳам Бенгалуруда
Global Chess League’нинг тўртинчи мавсуми жаҳон шахматининг катта юлдузларини бир жойга тўплайди.
Магнус Карлсен Alpine APL Pipers жамоасини бошқаради. У билан бирга Аниш Гири, Видит Гуджрати, Ҳампи Конеру, Дивя Дешмуҳ ва Володар Мурзин ўйнайди. Карлсен GCLда бир мавсумлик танаффусдан кейин иштирок этмоқда.
Triveni Continental Kings жамоасининг Icon’и Алиреза Фирузжа бўлади. Унинг шериклари орасида Вэй И, Аравинд Чидамбарам, Жу Жинэр, Александра Костенюк ва Пранав Венкатеш бор.
Ganges Grandmasters’да биринчи тахта Ян Непомняшчийга ишониб топширилган. Левон Аронян, Лейньер Домингес, Полина Шувалова, Ставрула Цолакиду ва Леон Мендонка ҳам жамоа таркибида.
PBG Alaskan Knights’ни эса беш карра жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд бошқаради. Аржун Эригайси, Яғиз Каан Эрдўғмуш, Екатерина Лагно, Нино Бациашвили ва Абхиманю Мишра ҳам ушбу жамоа сафида.
UpGrad Mumba Masters жамоасининг етакчиси Максим Вашие-Лаграв. У Шаҳриёр Мамедёров, Владимир Федосеев, Карисса Ип, Харика Дронавалли ва Бардия Данешвар билан бирга ўйнайди.
Синдаров учун энг қизиқарли қарама-қаршиликлардан бири Карлсенга қарши баҳслар бўлиши мумкин. American Gambits ва Alpine APL Pipers ўртасидаги учрашувлар 7 ва 11 сентябр кунлари ўтказилади.
Ўзбекистонлик гроссмейстернинг Вишванатан Ананд ва Алиреза Фирузджага қарши ҳам икки мартадан ўйнаш имконияти бор.
Жаҳон чемпионлиги олдидан муҳим босқич
Синдаровнинг Global Chess League’даги иштироки жаҳон чемпионлиги учун баҳсга тайёргарлик нуқтаи назаридан ҳам қизиқ. Унинг рақиби Гукеш сўнгги икки йилда жаҳон шахматининг энг юқори даражасида мунтазам ўйлаб келаётган бўлса, Синдаров ўзини шу муҳитга тезроқ мослаштириш йўлини танлаган.
“Мен у билан кўп ўйнаганман ва унинг ниҳоятда кучли ўйнай олишини биламан. Агар у 2024 йилдагидек энг яхши формасида бўлса, баҳсда исталган натижа қайд этилиши мумкин. Шунинг учун мен айнан унинг энг яхши ҳолатига қарши ўйнашга тайёргарлик кўряпман”, — деди Синдаров.
Бенгалурудан кейин уни Ўзбекистонда яна бир муҳим мусобақа кутади. Самарқанддаги Шахмат Олимпиадасида Синдаров мамлакат шарафини ҳимоя қилади. Шундан сўнг эса унинг фаолиятидаги энг катта синов — жаҳон чемпиони Гукешга қарши баҳс бошланади.
Шунинг учун Global Chess League Синдаров учун навбатдаги соврин учун курашдан кўра кўпроқ нарсани англатади. Бу — жаҳон шахматининг энг кучли вакиллари билан яна бир бор куч синаш, юқори босим остида ўйнаш ва жаҳон чемпионлиги баҳси олдидан ўзини синаб кўриш имконияти.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади