«Сассуоло» бош мураббийи Фабио Гроссо ўз лавозимини тарк этди. Бу ҳақда клубнинг расмий сайти хабар берди.
Мутахассис жамоада икки мавсум фаолият юритди ва клубнинг А Серияга қайтишида муҳим рол ўйнади. Томонлар шартномани ўзаро келишув асосида бекор қилган.
«Сассуоло» мураббий ва унинг штабига профессионаллиги ҳамда амалга оширган ишлари учун миннатдорчилик билдиради. Уларга кейинги фаолиятида муваффақият тилаймиз», — дейилади клуб баёнотида.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Гроссо яқин вақт ичида «Фиорентина» билан шартнома имзолаши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Фабио Гроссо мураббийлик фаолияти давомида «Лион», «Сион» ва бир қатор Италия клубларида ишлаган. Шунингдек, у «Ювентус» ёшлар жамоасини ҳам бошқарган.
Маълумот учун, Гроссо футболчилик фаолиятида 2006 йил Германияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида Италия миллий жамоаси сафида чемпионликни қўлга киритган.