Ўзбекистонда футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Бугун Миллий футбол марказида ЎФА президенти Баҳодир Қурбонов, спорт вазири Адҳам Икрамов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда ОФК делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда икки ташкилот ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот давомида сўнгги йилларда ЎФА ва ОФК ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг футболни ривожлантиришга қаратилган қарорлари ва ташаббуслари мамлакатда ушбу спорт турини оммалаштириш ҳамда инфратузилмани яхшилашга катта туртки бераётгани қайд этилди.
Шунингдек, футбол Ўзбекистонда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири экани, миллий жамоанинг Жаҳон чемпионатида иштирок этиши халқимиз учун катта байрам бўлгани алоҳида таъкидланди.
ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа Ўзбекистон конфедерациянинг энг яқин ҳамкорларидан бири эканини эътироф этди. У мамлакатимиз ёшлар ва аёллар ўртасидаги қитъа мусобақаларини юқори савияда ташкил этганини қайд этиб, келаси йили Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиладиган ФИФА U-20 Жаҳон чемпионати ҳам муваффақиятли ташкил этилишига ишонч билдирди.