Африка футбол конфедерацияси (CАF) президенти Патрик Мотсепе ФИФА президенти Жанни Инфантинога билдирилаётган танқидларга муносабат билдирди.
Аввалроқ ФИФА Жаҳон чемпионати ҳуқуқларини хусусий инвесторларга сотиш учун FIFA Forward Enterprise (FFE) номли янги тижорий тузилма ташкил этишни режалаштиргани хабар қилинганди. Кейинчалик конфедерациялар танқиди ва УEФАга аъзо мамлакатларнинг Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш эҳтимоли ортидан Инфантино бу режадан воз кечган.
Шундан сўнг айрим футбол ассоциациялари 2027 йил март ойида бўлиб ўтадиган ФИФА президентлиги сайловида Инфантинони қўллаб-қувватламасликка қарор қилгани маълум бўлди.
«Агар кимдадир Жаннига ёки бошқа бирор кишига нисбатан эътирозлар бўлса, жараённи кузатинг ва ФИФА тартиб-қоидаларига амал қилинг. Ҳаммаси оддий. Агар уни лавозимидан четлатмоқчи бўлсангиз, сайловга боринг ва 211 та ассоциация қарор қабул қилсин. Шуни амалга оширинг, овоз бериш орқали унга ишонч борми ёки йўқлиги кўринади», — деди Мотсепе.
CАF раҳбари барча томонлар адолатли жараёндан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.
«Ҳар бир инсоннинг ўз фикрини билдириш ҳуқуқи бор. Келинг, тинглов ва тегишли форум, тергов, суд ёки трибунал ўтказайлик. Ҳар бир инсон адолатли муносабатга ҳақли. Муаммолар ва тузатилиши керак бўлган салбий жиҳатлар кўп. Аммо у узр сўради ва айрим ишларни бошқача қилиш керак бўлганини айтди», — деди у.
Мотсепе ФИФА президенти сайловида ким ғолиб бўлишидан қатъи назар, ташкилот раҳбарини қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Кўпинча мен ғалаба қозонишини истаган номзодлар ютмайди. Ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, мен уни қўллаб-қувватлашим керак. Мен бутун дунёдаги ассоциациялардан кўплаб қўнғироқлар оламан. Бирлик ва ҳамкорликка урғу беришни ёқтираман», — дея қўшимча қилди CАF президенти.
Эслатиб ўтамиз, ФИФА президентлиги учун навбатдаги сайлов 2027 йил март ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган.