«Брайтон» бош мураббийи Фабиан Хюрцелер Англия Лига кубоги 3-турида «Манчестер Юнайтед» устидан қозонилган ғалабага (3:2) изоҳ берди.
«Ўйлайманки, ўйинни жуда яхши бошладик. Биз иккита енгил голни ўтказиб юбордик, аммо шундан сўнг, режамизга амал қилишда давом этдик. Бу жуда муҳим ҳолат эди. Албатта, 0:2 ҳисобида иккита йўлдан бирини танлаш мумкин: ўйин тугади деб қарор чиқариш ва ортиқ режага амал қилмаслик ёки ишонишда давом этиш. Жамоадошларингизга ишонишингиз керак. Ўзингизга ишонишингиз зарур. Ўйин мобайнида вақт ўтгани сайин шунчалик яхши кўринишга эга бўлдик ва охир-оқибат, ўйлайманки, ҳақли равишда ғалаба қозондик.
Албатта, биз голлар ўтказиб юбордик ва улар ўйин боришини ўзгартирди, аммо умуман олганда, бизда тўғри режа бор эди. Биз тўпни яхши назорат қилдик. Менимча, муаммо аввалига биз жуда асабийлашганимизда эди. Кўп техник хатоларга йўл қўйилди, кейин ўйинчилар аста-секин киришиб олишди. Натижада биз ўйинни тўлиқ назорат қилдик ва яна гол уриш учун етарли имкониятлар яратдик», - дея мураббий сўзларидан иқтибос келтирди BBC.