Россиянинг совриндор ва етакчи клубларидан бири ҳисобланган ЦСКАда янги мавсумдан бошлаб ўзбекистонлик мутахассис ишлаётганидан хабарингиз бўлса керак.
Мухлисларимизга яхши таниш бўлган Денис Коростиченко бу йилдан эътиборан ЦСКАнинг асосий жамоасида бош мураббийга ёрдамчи сифатида фаолият олиб боряпти.
У ўтган йили Дмитрий Игдисамовга ўринбосарлар жамоасида яқиндан ёрдам берганди. Бу йил эса клуб раҳбарияти Игдисамовни асосий жамоага бош мураббий этиб тайинлашгач, ҳамюртимиз Денис Владимирович ҳам асосий жамоада иш бошлади. Коростиченко эса Tribuna.uz журналистига интервю берди.
- Денис Владимирович, ЦСКА куни кеча Россия Кубоги гуруҳ босқичида «Локомотив»ни пенальтилар сериясида мағлуб этди. Чемпионатнинг дастлабки иккита турида эса бир ғалаба ва бир дуранг қайд этди. Умуман олганда, жамоанинг ишлари қандай кетмоқда?
- Жамоада ҳаммаси яхши! Муҳит аъло даражада. Барча енг шимариб астойдил ишламоқда, фақат ғалабани кўзлаган ҳолда. Кайфиятларимиз ҳам ижобий. Ўтказилган ўйинларда юзага келган имкониятлардан яхшироқ фойдаланишимиз керак эди. Масалан, «Крилья Советов»га қарши учрашувни олсак, бемалол уч очкони қўлга киритишимиз мумкин бўларди. «Локо»ни ўйиннинг асосий қисмида ютишимиз ҳам мумкин эди. Барибир йигитларга қойил, баракалла.
- Ўтган мавсумда Дмитрий Игдисамовнинг ёрдамчиси сифатида ЦСКА ўринбосарларида ишлагансиз. Жорий йилдан бошлаб асосий клубда мураббийлар штабида фаолият юритяпсиз. ЦСКАдек жамоада ишлаш қандай бўларкан?
- Бу ўзингни юқори даражада кўрсатиш учун ҳавола қилинган имконият ва шараф! ЦСКА Россиядаги энг совриндор клублардан бири. Дима билан бир мавсум ўринбосарлар жамоасида ишладим. Бир-биримизни яхши тушунамиз. Иш услубларимиздан ҳам хабардормиз. Мен уни яхши биламан. Футболдаги қарашларимиз ҳам, ўйин борасидаги таассуротларимиз ҳам бир хил!
- ЦСКАда Ўзбекистон вакилининг ишлаётгани кўплаб мухлисларимизни қизиқтирмасдан қолмайди. Айтинг-чи, клубда ўзбек футболчилари ҳам тўп суриши мумкинми? Айтмоқчиманки, мураббийлар штабидагилар ўзбекистонлик ўйинчилардан қайсидир бирини кузатяптими?
- Ҳа, Ўзбекистондан кўпчиликни биламан. Селекцион бўлим ҳам Файзуллаев ва Шомуродовдан келиб чиққан ҳолда ўзбекистонлик футболчилар билан қизиқиб туришади. Мана, яқинда Жаҳонгир Ўрозов «Рубин»га келди. Ажойиб! Умид қиламанки, йигитларимиз ЦСКАда ҳам пайдо бўлишади. Аммо айни пайтда клубдагилар Ўзбекистондан кимнидир кўзлаб туришгани ҳақида аниқ бир маълумотга эга эмасман.
- Биздаги маълумотларга кўра, ЦСКА Беҳруз Каримовга қизиқиб қолган. У жаҳон чемпионатида миллий жамоамиз таркибида иштирок этганди. Юқоридаги маълумот ҳақиқатга қанчалик тўғри келади?
- Ҳа, Беҳруз бўйича чиндан ҳам қизиқиш борлигидан хабар топгандим. Лекин ЦСКА айни пайтда бошқа позиция учун ўйинчи қидирмоқда. Шу боис иш жиддий равишда музокаралар олиб боришгача етиб боргани йўқ.
- ЦСКАдаги ишингиз орқали ўзбек мураббийлари ҳам халқаро даражада юқори савияда ишлай олишларини кўрсатиб беришлари мумкин деб ҳисоблайсизми?
- Ўйлайманки, ҳар қандай иштиёқманд мутахассис қаерда ва қандай клубда ишламасин юқори даражага кўтарилишни ва яхши натижалар кўрсатишни хоҳлайди. Лекин ўзимни бу йўлдаги намуна деб ҳисоблай олмайман. Бизда яхши мутахассислар жуда кўп. Улар бемалол хорижда ишлашлари мумкин.
- Европа ёки рус клубларига ўтиш учун бизнинг мураббийларимизга нима етишмаяпти ёки тўсқинлик қилмоқда?
- Тўсиқлар деярли йўқ. Чунки ҳозир лицензиянгиз бўлса, айниқса, УЕФАники. Шунда исталган мамлакатда ишлашингиз мумкин. Ёки клуб яхши мутахассисни таклиф қилишга қизиқиш билдирмоғи даркор.
- Дмитрий Игдисамов ЦСКАнинг бош мураббийига айлангач, сиз ҳам асосий жамоада мураббийлар штабида иш бошладингиз. Унинг бирга ишлаш учун ёнига чақиришини кутганмидингиз?
- Аслини олганда ҳам уни яна бирга ишлаш учун мени ёнига чақирганидан жуда миннатдорман. Тўғриси, буни унчалик кутмагандим. Аммо таклиф бўлса, дарҳол ёнига кўчиб ўтишимни ҳис қилиб турдим.
- Айтинг-чи, Дмитрий Игдисамов ҳам Ўзбекистон миллий жамоасининг мундиалдаги иштирокини кузатдими? Агар кузатган бўлса, қайси футболчиларимиз унда кўпроқ таассурот қолдира олган?
- Ўзбекистон миллий жамоаси иштирокидаги ўйинларни биргаликда томоша қилдик ва мухлислик қилиб ўтирдик. Ўша пайтда Новгорскдаги йиғинларни ташкил этгандик. Аббосни, Элдорни, Абдуқодирни жуда яхши биламиз. Ёшлар орасида эса юқорида тилга олиб ўтилган Беҳруз яхши таассурот қолдирди.
- Аббос Файзуллаевнинг клубда ўтказган фаолиятини қандай баҳолай оласиз? Жамоа ичида у ҳақида нималарни гапириб юришади?
- Аббос ЦСКАда деярли афсона! Клубдагиларнинг ҳаммаси ва ишқибозлар Файзуллаевга жуда илиқ муносабатда ва яхши хотиралар билан эсга олишади. Чунки у ЦСКАда жуда зўр ўйин кўрсатган. Ҳар томонлама ўзидан яхши таассурот қолдирга олган.
«Беҳруз Каримов бўйича чиндан ҳам қизиқиш бўлган» ёхуд ЦСКАда ишлаётган ўзбек мураббийи билан суҳбат
Эксклюзив
7 август, 10:41
Коростиченко Tribuna.uz журналистига интервю берди.
Фото: Getty Images
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади