«Бавария» клуби «Реал» вингери Винисиус Жуниор бўйича сўров юборди. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур хабар берди.
Манбанинг маълумотига кўра, бразилиялик футболчи шу ёзда сотувга қўйилиши мумкин: «Реал» таваккал қилмаслик ва уни текинга қўлдан чиқармаслик учун футболчини сотишни кўриб чиқишга тайёр. 2027 йилнинг 1 январида Винисиус эркин агент мақомини олиши мумкин.
«Реал» ва Винисиус ҳамон янги шартнома бўйича келиша олмаяпти. Айни дамда музокаралардаги асосий келишмовчилик молиявий шартлар бўлиб қолмоқда. Бразилиялик футболчининг амалдаги маоши мавсум учун тахминан 20 млн еврони ташкил этади, ҳужумчи томони эса тўловларни йилига 30 млн еврогача оширишни талаб қилмоқда. Мадрид клуби буни амалга ошириш имконсизлигини такидлаб келмоқда.
Ўтган мавсумда Винисиус барча турнирларда 53 та ўйинда майдонга тушиб, 22 та гол урди ва 14 та ассистни қайд этди.